«Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бошида қора булутлар айланаётгани ҳақида ёзди.
Ташанов адвокат Умид Давлатовга таяниб ёзишича, айни пайтда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида мулкни талон-торож қилиш гумони билан бир неча тадбиркор 3 ойдан бери ушлаб турилибди. Шунга қарамай, уларга ҳалигача тайинли айблов эълон қилинганича йўқ.
Уларнинг айтишича, 2017 йилда тадбиркорлик субъектини ташкил қилиш чоғида Ўзбекистон Олий Мажлисининг депутати Расул Кушербаев ҳуқуқий кўмак берган. Энди тадбиркорлар мазкур “шағал бизнеси асли Кушербаевники” эканини айтишса бўлди, ҳаммаси жойида бўлармиш.
Яна бир гап, бундан 6-7 йил муқаддам Расул Кушербаев марҳум отасига ажратилган ер участкасини экилган тераклари билан бирга маҳаллий фуқаролардан бирига эҳтиёж туфайли сотган. Энди депутатнинг ерини сотиб олган фуқарони сиқувга олишмоқда. Юқоридаги каби у ҳам мазкур ишга “фириб” аралашганини тан олса, ҳаммаси жойида бўларкан.
"Бу йигитни ҳаётда кўрмаганман, мулоқотда ҳам бўлмаганман. Унинг чиқишларини, қонунчиликка шарҳларини кузатиб ҳурматим ошган. Автомобиллар фарасини ёқиб юриш “ислоҳот”ини синдирганидан тортиб, “снос”лар эпидемиясига қарши курашини биламан, холос.
Парламент сайловларидаги дебатларда унинг шижоати, прагматик фикрлашидан кўнглим тўлган. Ижтимоий тармоқларда уни одамлар қаҳрамонга чиқаришаётганини кўриб ҳавасим келган. Афсус, энди эса воқеалар ривожи мен қўрқаётган ўзандан кетса, унинг бошига тушадиган ташвишлардан чўчияпман", дейди пост муаллифи.
Расул Кушербаевнинг ўзи ҳали бу постга муносабат билдирмади. Депутат охирги постида бўш вақт топиб қозоқ ёзувчиси Тўлен Абдиков қаламига мансуб "Фаросат майдони" номли тўпламни таржима қилганини ёзди.
"Асардаги ушбу парча инсон хаёлини банд этаркан дейди депутат: "Уч кун ичида инсон дўзахга ҳам кўникади, дейишади. Қийинчиликка, азоб-уқубатларга кўникиш балки омон қолиш учун ҳам керакдир, аммо инсоннинг гуноҳ ва жиноятга, адолатсизлик билан орсизликка ўрганиши энг ёмон, энг ҳавфли маҳоратдир".
Тасодифий хабарлар
Эртага сайлов: Жазо ўтаётган қанча маҳкумлар овоз беради?
Актёр Кимсанбой Собиров вафот этди
Нурмагомедов-Макгрегор реванш жанги қандай шарт билан ўтказилиши мумкинлиги айтилди
Андижонда 5 эркак томонидан зўрланганини айтган келинчакка жиноий иш очилди
Президент лойиҳа қиймати 504 миллиард сўм бўлган Зангиотадаги янги шифохонани бориб кўрди