Аёл нозик қалб эгаси, уни жиноятдан асраш, бутун жамиятнинг бурчи

Аёл нозик қалб эгаси, уни жиноятдан асраш, бутун жамиятнинг бурчи

Аёл – меҳрдан, муҳаббатдан яралган.  Нозик қалбли бўлса-да, табиати тош келса кемириб, сув келса симириб яшашга мослашган, тоғдек метин бардоши билан зиммасига ҳаётнинг майда чигал ташвишлари, ечими тугамас муаммоларини ортмоқлаб олганлиги айни ҳақиқат

2021 йил давомида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2020 йилдагига қараганда сезиларли даражада ортган. 
Ҳақли савол туғилади. Нега аёллар, қизлар жиноят кўчасига кириб қолмоқдалар? Уларни бу ишга нима мажбур қиляпти?  Айрим жиноятларни ўрганиб, таҳлил қилишга уриндик. 
Ҳеч кузатганмисиз? Бирор оилада низолар сабаб вазият эр ва хотиннинг ажралишини тақозо этса, шубҳасиз, бундай пайтда барча айблар ва эҳтимолки, рўзғорнинг оғир юки осонгина ожизалар елкасига юкланиб қолаверади. Гўёки аёл бир умр қийинчилик ва заҳматларни тортиб яшашга маҳкум этилгандек... Ажралишган оилаларда табиийки, фарзандлар ҳам она билан қолишга ўз-ўзидан мажбур. Эркаклар табиатан шундай яралган, фарзандга аёлдек меҳр кўрсата олмайди, деган қараш бор жамиятимизда.

– Аввало шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни керакки, инсон ҳеч қачон ўз-ўзидан ҳуқуқбузар ёки жиноятчи бўлиб қолмайди. Бунга унинг ёшлигидан олган тарбияси, оилавий ва ташқи муҳит, муносабат ўрнатган кишиларининг қарашлари ва жамиятда тутган ўринлари ҳам таъсир кўрсатади. Энг ачинарлиси, баъзида ўз ҳуқуқларини яхши билмасликдан жиноятга қўл урадиганлар ҳам бор.

Шукрки, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Меҳнат қилган одам элда азиз бўлиб, турмуш даражаси ҳам юксалиб бораверади.
Халқимиз аёлни келажак яратувчиларининг тарбиячиси, меҳрибон она, садоқатли умр йўлдоши ва жамиятда ўз мавкеига эга фаол инсон сифатида ҳурмат қилади ва эъзозлайди. Лекин баъзи аёлларнинг ўз шаънига номуносиб тарзда жиноятга қўл ураётганлиги ачинарли бўлса ҳам, аччиқ ҳақиқатдир.

Жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида Наманган вилоятида аёлларга нисбатан кўрилган жиноят ишларига назар ташлайдиган бўлсак, 216 нафар аёлларга нисбатан 160 та жиноят иши кўрилган.  Шундан 133 та жиноят иши бўйича 186 та  аёл шахсларга жиноят ишлари ҳукм чиқриши билан тугатилган.

27 та жиноят иши бўйича 30 нафар аёл шахсга нисбатан ишлар иш юритувидан тугатилган, шунда 26 нафар аёл шахаларга нисбатна 28 та жиноят иши ярашув билан тугатилган,  1 нафар аёл шахсга нисбатан жавобгарлик муддати ўтгани билан тугатилган.

Бу ракамлар кишини мулоҳазага чорлайди, ўйга толдиради. Қўллари бешик тебратган, тиллари алла айтиб, Яратганнинг фарзанддек улуғ инъомини бағрига босиб улғайтирган аёлнинг жиноятга қўл уришига сабаб нима?

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишларида кўрилаётган чора-тадбирлар, олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан аёллар жиноятлари камайишига эришилмаётганлигини таъкидлаш лозим.

Таъкидлаш керакки,  аёллар жиноятчилигида муқаддам жазо ўтаб чиқиб, қайта жиноят содир этаётганлар салмоқли ўринни эгаллайди. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг жамиятга мослаша олмаганлигидир. Аёллар ўртасида жиноятни олдини олиш учун уларнинг жамиятда муносиб ўрин топиши, оилавий шароити ва муҳитини яхшилаш, касбга йўналтирилган курсларда бепул ўқитиш, маълумотидан келиб чиқиб иш билан таъминлаш, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқтириш ва реабилитация марказларида ўз вақтида руҳий ҳамда жисмоний соғлигини тиклашга қаратилган мақсадли профилактик чора-тадбирлар мунтазам ўтказиш керак.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, аёлнинг нозик қўлларига кишан эмас, гул, қалбига ёвузлик эмас, эзгулик ярашади. У жамиятимизнинг кўрки бўлмоғи лозим. Унинг тилларидан пушаймонлик, афсус ноласи эмас, аллалар учсин, бахтдан, толедан куйласин. Бунинг учун эса аёллар қонунбузарлигининг олдини олиш фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки тегишли ташкилотларнинггина эмас, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши лозим.

Бумайрам Бобомирзаева
Наманган вилоят суди судьяси

×