Фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимова маҳаллий ҳокимият ва ИИБ босимига учради. Бу ҳақда журналистнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилган.
Айтилишича, Учкўприк туманида бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинган. Шу муносабат билан туман ҳокимлиги вакили тармоқ орқали бу ҳақда хабар бериб, маҳсулотлар нархи арзонлиги таъкидлайди. Ҳокимлик масъули хабаридан таажжубланган Шарифа Мадраҳимова ярмарка ўтаётган жойга бориб, мухтасар журналистик суриштирув ўтказишга тушади. Шу жараёнда пайдо бўлган ва ўзини «туман ҳокимининг котиби» эканини айтган Шоҳжаҳон Мўйдинов деган шахс журналист фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, унинг қўлини қайирган (!) ҳолда уяли телефонини тортиб олади.
Шундан сўнг «шахсини аниқлаш» важи билан журналист туман ИИБга олиб кетилади.
Шарифа Мадраҳимова «Human.uz» сайти мухбири билан видео суҳбатда уни туман ИИБда икки соатдан кўпроқ ушлаб туришганини таъкидлайди. Бу вақт мобайнида у томонидан тақдим этилган иккита гувоҳнома «жиддий ўрганилади» гўё. Яъниким, аввалига Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан берилган аъзолик гувоҳномасининг ҳақиқий ёки сохталигини аниқлаш учун Муҳаммаджон Обидов (уюшманинг вилоят бўлими раҳбари) билан боғланилади. ИИБ ходимига таяниб, Ш.Мадраҳимованинг айтишича, М.Обидов гўёки аъзолик гувоҳномаси ҳақиқий эмаслиги ва «журналистга қандай чора кўрсанглар кўраверинглар!» мазмунида жавоб берган (муҳтарам Обидов ўз имзоси ва ташкилот муҳри урилган аъзолик гувоҳномасини қандай асосларга кўра «ҳақиқий эмас» деган мазмунда гапиргани – ҳозирча катта жумбоқ. Иккинчидан, Журналистлар ижодий уюшмаси соҳа ходимларининг ягона бирлашмаси бўлса-да, унинг Фарғона вилояти бўлими маҳаллий журналистлар учун алоҳида аъзолик гувоҳномаси жорий этгани эса катта савол!). Иккинчи ҳужжат – «Маърифат» газетаси томонидан берилган хизмат гувоҳномаси эса «Сиз газетада ишлар экансиз, демак, тасвирга олишга ҳаққингиз йўқ» (?!) мазмунидаги гаплар билан журналистга «ҳуқуқий сабоқ» беришган гўё.
Энг қизиғи ва... ачинарлиси шундаки, «шахсига аниқлик киртилгани»га қарамай, Шарифа Мадраҳимова ИИБда икки соатдан кўпроқ вақт ушлаб турилган. Айтилишича, уни қўйиб юбориш учун «ҳоким котиби» Ш.Мўйдинов ва ИИБ ходими Акмал Мадраҳимов (журналистга фамилиядош) «ҳокимнинг буйруғини» кутишган! Бундан эса журналистни «қўлга олиш» ҳам ҳокимнинг «фатвоси» билан амалга оширилгани англашилади.
Яна бир эътиборли ҳолатки, журналист «талашиб-тортишиб», ИИБ биносидан чиққач, тўғри ярмарка ташкил этилган жойга боради. Бироқ ўтган вақт давомида «ярмарка тугаб», сотувчилар тарқатиб юборилганига гувоҳ бўлади.
Мана сизга Фарғонанинг Учкўприк туманидаги аҳвол!
Журналист «Human.uz» сайтига берган интервьюсида юз берган ҳолат юзасидан ҳеч қаерга мурожаат этмаслигини билдирар экан, буни «ортиқча сансалорликка вақтим йўқ» мазмунидаги гаплари билан изоҳлайди.
...Ушбу мақолани чоп этишдан аввал «Xabar.uz» мухбири Бош прокуратура билан боғланди. Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳолатдан хабардор эканини айтиб, масалани холис ва қонуний ўрганиш учун Фарғона вилояти прокуратурасига топшириқ берилганини билдирди.
Кутамиз.
Тасодифий хабарлар
Электромобилларнинг дунё фабрикаси қаерда?
Наврўзда давлат ташкилотлари ходимлари 3 кун дам олади
Наманганда икки нафар 2019 йилда туғилган чақалоқ коронавирусдан тузалди
Наманганда икки велосипедчи ЙТҲ қурбони бўлди
Президент сўз ва матбуот эркинлиги, ОАВ таъсирчанлиги янада оширилишини айтди