Бугун, 30 январь — Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов таваллуд топган кун. Шу муносабат билан Лола Каримова-Тиллаева «Instagram»даги саҳифасида отасини хотирлаб, пост қолдирди.
«Бугун таваллуд топган кунингиз ва биз — фарзандларингиз ушбу санани ёд этиб, сизни хотирлашимиз учун етарлича сабаб бор.
Вақт ўтиб, ёшим улғайган сари сиз айтган сўзлар, менга берган маслаҳатлар ва энг муҳими, менга ўрнак бўлган хатти-ҳаракатларингизнинг чуқур маъносини англаб бораяпман.
Бунинг учун миннатдорман ва баъзи хотираларим билан сизни ўзига азиз деб билган ҳамда оталари каби ҳурмат қилган кўпгина инсонлар билан ўртоқлашмоқчиман.
Урушдан кейин деярли барча эркаклар тамаки чекишган, бу иллатнинг соғлиққа қанчалик зарарлигини билмаган ҳолда.
Отам ҳам ўша пайтларда чекканлар, аммо буни зарарини билиб, дарҳол ташлаган эканлар. Ўша пайтда ёшлари 40 да эди ва ўша йили мен дунёга келганман. Мен отам қўлларида сигарет ушлаганларини эслай олмайман. Фақат бу ёмон иллатга салбий муносабатларини эслайман. Улар одамлар чекканини ёқтирмасдилар ва тамаки ҳидини ёмон кўрар эдилар. Бу муносабатлари билан атрофдагиларга ҳам кўп йиллар давомида ўз таъсирларини ўтказганлар.
Ҳамиша мунтазам равишда спорт билан шуғулланганлар. Ёшроқ бўлганларида профессионал равишда кураш билан шуғулланганлар. Бир куни «тренировка»да оёқларини синдириб, уйга бир оёқда сакраб келганлар. «Таслим бўлгим келмади» дея онамга тушунтиргандилар.
Ушбу жароҳатдан сўнг спорт билан шуғулланишда давом этавердилар, сузишни бошладилар. Спорт кундалик жадвалларининг ажралмас қисми эди. Ёшлигимда, эсимда, ярим кечагача ишласалар ҳам спортга барибир вақт топар эдилар. Кун чиқиши билан туриб, эрталаб соат олтиларда «тренировка»га кетар эдилар.
Кейинчалик катта теннис билан жиддий шуғулландилар. Ҳаётларининг охиригача. Умрларининг сўнгги кунларида ёнларида касалхонада бўлганимда шифокорлар жисмонан жуда бақувват инсон эканларини ва 78 ёшли қарияга ўхшамасликларини айтишар эди. «Соғлом танда соғлом руҳ» деган ибора улар учун ҳаёт маслаги эди. Шифокорларга мурожаат қилишни ёқтирмасдилар ва соғломликлари, кўп жиҳатдан, метин иродалари туфайли эди. Овқат танаввул этишда камтарона эдилар, ортиқчаликка йўл қўймасдилар, зиёфатларни ёқтирмаганлар. Катта дастурхон фақат байрамларда ёзиларди. Ишга бутунлай берилган инсон эдилар.
Ҳаётда ўрнак бўлган фазилатлари бу мавжуд шароитни олдиларига қўйган мақсадга бўйсундира олиш, ўтмиш ҳақида афсус чекмасдан ҳамиша олға юриш қобилияти эди.
P.S. Ушбу сатрларни ёзишни тугатар эканман, Тошкентда 30 январь кириб келган ва саҳар ҳам яқинлашяпти. Юрагим тез-тез урар экан, кўз ёшларимни ушлаб туришга ҳаракат қиламан. Сизга аталган шунча кўп табриклар, постлар, суратларингиз… Неварангиз меҳр билан «бобо» деди. Бугун минглаб инсонлар ҳақингизга дуо қилиб, сизни меҳр билан ёдга оладилар», деб ёзади Лола Каримова-Тиллаева.
Тасодифий хабарлар
Шуҳрат Ғаниев: "Албатта мен ҳар қандай жазога лойиқман" (видео)
Қирғиз-тожик чегарасида яна вазият чигаллашаётгани хабар қилинди
“Тинчгина бир-бирларингнинг соқолларингни олинглар”: Тошкентда ИИБ ходимлари фуқароларнинг соқолини мажбуран олдирди
«Доридан заҳарланиш эҳтимолини рад этиб бўлмайди, лекин аниқлаш учун вақт керак»
Ўзбекистонда “болалар нафақаси”, “суюнчи пули” ва бошқа ижтимоий тўловлар бўйича ўзгариш бўлди