Путин кетмоқчи...

Путин кетмоқчи...

2018 йилги сайловга номзодини қўйгач Россия президенти Владимир Путин бошқа авторитар қўшниларидан ўрнак олиб, умрининг охиригача президентлик қилмоқчи эканлиги борасида таассурот уйғонганди. 2024-2030 йилларда яна Медведев билан рокировка орқали, ёки шунчаки чекловни олиб ташлаган ҳолда.

Бироқ Қозоғистонда 2019 йил баҳорида Нурсултон Назарбоевнинг президентликдан кетиши ва барибир давлат олий бошқарувида қолиши Россияда ҳам бошқа йўллар борасидаги масалани кўтарди. Яъни, Путин барибир авторитар қўшниларидан бирининг йўлини тутиши мумкин, у эса ўз навбатида бошқа авторитар қўшнисидаги ҳолатдан хулоса сифатида шундай қилган эди.

Бу орада Беларусь билан иттифоқ-давлатни мустаҳкамлаш ва Путин ушбу тузилманинг раҳбари сифатида ҳокимиятда қолиши варианти ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Беларусдаги намойишлар ва Лукашенконинг суверенитет тўғрисидаги баёнотларидан кейин бу вариант рўйхатдан ўчди.

2019 йил декабридаги матбуот анжуманида Путин илк марта анчадан буён тор доираларда муҳокама қилинаётган конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласини гапирди. 2020 йил январида эса парламентга мурожаатида айнан қандай ўзгаришлар кутилаётганини эълон қилди.

Таклиф қилинган энг асосий ўзгаришлардан бири - ўша матбуот анжуманида айтилган "бир киши президентликка кетма-кет икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас" жумласидан "кетма-кет" сўзини олиб ташлаш. Яъни, агар ўзгаришлар амалга ошса, бир киши ҳар қанақасига икки муддатдан ортиқ президент бўлолмайди.

Таҳлилчилар бу Путин президентликдан кетишга қарор қилганини билдиришини айтмоқда. Акс ҳолда шунчаки президентликка сайланиш бўйича чекловларни олиб ташлаш таклиф қилиниши кифоя эди. Путин фақат президентликдан кетмоқчи, давлат бошқарувидан эмас. Буни таклиф қилинган бошқа ўзгаришлардан билиш мумкин.

Масалан, президент томонидан тайинланган губернаторларнинг президент бошчилигидаги йиғилиши бўлган Давлат кенгашини конституциявий органга айлантириш таклиф қилинди. Путин айнан шу органда раҳбарликни сақлаган ҳолда давлат бошқарувидаги иштирокини давом эттиравериши мумкин.

Аммо бу вариантлардан бири холос. Тўлиқ Қозоғистон сенарийси бўйича ҳаракатланиб, Хавфсизлик кенгашига раҳбар бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, президентнинг баъзи ваколатлари парламентга ўтказилаётгани парламентни кучайтириш учун эмас, кейинги президентни тийиб туриш учун кенгроқ имконият очишга қаратилган.

Жумладан, парламент энди шунчаки бош вазир номзодини маъқуллаши эмас, балки уни ва бутун ҳукумат таркибини тасдиқлаши таклиф қилинди. Президент эса тасдиқланган ҳукуматни маъқуллашга мажбур бўлади. Путин президентликдан кетганидан кейин "Единая Россия" раҳбарлигига қайтиши режалаштирилаётгани ва ҳукумат таркибини ҳукмрон партия тавсия қилиши инобатга олинса, бу борадаги ричаг ҳам сақланиб қолади.

Хуллас, бир тарафдан Россияда бошқа авторитар қўшниларига унчалик ўхшамачлиги халқ томонидан ҳукуматга етарлича босим борлиги туфайли конституцияни шунчаки бузиб бўлмаслиги кўринмоқда. 

Иккинчи тарафдан, Россияда ҳам раҳбар ўзи ҳокимиятда қолиши учун ўша қўшниларидан ўрнак олиб бемалол конституцияни ўзгартиришга уринмоқда. 

Манба: azon.uz

×