Поёнига етган йилда юртимизнинг барча ҳудудида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, иқтисодиётимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминловчи кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Хусусан, Наманган вилоятида ҳам шундай янгиланишлар туфайли ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгариб, иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар самараси аҳоли ҳаёт тарзида ўз ифодасини топмоқда. Энг муҳими, одамлар олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун, ўтаётган кунидан рози, тараққиётимиз йўлидаги эзгу ишларга камарбаста.
Мухбиримиз ўтган бир йил давомида Наманганда амалга оширилган ишлар, жорий йилга режалаштирилган чора-тадбирлар хусусида вилоят ҳокими Хайрулло БОЗОРОВ билан суҳбатлашди.
— Фикримни аввало, давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 28 февраль — 1 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида “2019 йил Наманган йили бўлади”, дея бизга катта ишонч билдирганидан, тақдим этган лойиҳаларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганидан бошлашни истардим. Чунки ўша ташриф якунларига кўра, 1 424 та йирик ва ўрта лойиҳани ўз ичига олган уч йиллик дастур ишлаб чиқилди, — дея сўз бошлади вилоят ҳокими. — Унда белгиланган вазифаларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида 2019 йилнинг ўзида мингга яқин лойиҳалар рўёбга чиқарилиб, 5,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилди. Мисол учун, Наманган шаҳридаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “АРТ соф текс” МЧЖ томонидан умумий қиймати 293,5 миллиард сўм бўлган йирик лойиҳа ишга туширилди. Бундан ташқари, 100 миллиард сўм маблағ ҳисобига “Uz Tex Group” қўшма корхонасининг Норин ва Чортоқ туманларида филиаллари барпо этилди. Айни пайтда уларда 1300 нафардан зиёд кишилар меҳнат қилаётир. Наманган туманида эса фармацевтика соҳасида фаолият олиб бораётган “Merrymed farm” МЧЖ томонидан 54 миллиард сўмлик лойиҳа ниҳоясига етказилди. Умуман, дастур доирасида 110 та ижтимоий ва инфратузилма объектида реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ўтган йил Наманган дунё сармоядорлари учун кенг очилган вилоятлардан бирига айлангани кўнгилда фахр туйғуларини уйғотади. Буни қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди. Яъни 2019 йилда 154 та ҳудудий лойиҳа доирасида 300 миллион АҚШ долларидан кўпроқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Ваҳолонки, 2018 йилда бу рақам 74 миллион АҚШ долларидан иборат эди. Бугунги кунга келиб ўсиш суръати салкам 3,5 баробарни ташкил этмоқда.
Вилоятда қўшма корхоналар ташкил этиш ишлари ҳам жадал олиб бориляпти. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2017 йилда 20 та, 2018 йилда 40 та ҳамкорлик корхонаси ишга туширилган эди. Якунланган йилда эса 88 та қўшма корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.
Айтиш керакки, хорижий компаниялар ва ишбилармонлик тузилмаларини жалб этишда вилоятимизда ўтказилаётган иқтисодий форум ва бошқа анжуманларнинг ўрни беқиёс бўлди. Жумладан, 2019 йилнинг июнь ойида ўтказилган Халқаро иқтисодий форумда 350 дан ортиқ хорижий инвесторлар Наманган салоҳияти билан яқиндан танишди. Форум якунида 340 миллион АҚШ долларидан кўпроқ қийматдаги 48 дан зиёд шартномалар имзоланди. Шунингдек, ўтган йилнинг сентябрь ойида фармацевтика ва тиббиёт бўйича халқаро форумга мезбонлик қилдик. Унинг якунида дори-дармон ва бошқа турдаги тиббий воситалар етказиб бериш бўйича 90 миллион АҚШ долларига тенг 10 та муҳим келишувга эришилди.
Ҳозирги кунда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилган кўплаб лойиҳалар ижросига киришилган. Улардан бири Тўрақўрғон туманида Жанубий Корея билан ҳамкорликда барпо этилаётган “Hyundai” автомобиль заводидир. 200 миллион АҚШ доллари қийматида сармоя йўналтирилган мазкур корхона битгач, йилига 3000 тагача тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади. Яна бир йирик лойиҳа Чуст туманида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда “TAI Chang spesial stell” МЧЖ томонидан умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг металлни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бундай мисолларни нафақат ишлаб чиқариш, балки ижтимоий соҳа, хизмат ва сервис жабҳасидан кўплаб келтириш мумкин. Умуман олганда, Наманганнинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтириш учун вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида фаол иш олиб борилмоқда. Бу табиий жараён. Негаки, хорижий сармоядор учун аэропортдан бошлаб овқатланиш жойларигача, юриш йўлларидан тортиб бозоргача — ҳаммаси муҳим. Зеро, инвестор ўзини уйидагидек ҳис қилган жойгагина сармоясини ишонч билан йўналтиради.
— Бугун тадбиркорлик ҳаракати иқтисодиётнинг локомотивига айланмоқда. Вилоятда ушбу соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтсангиз...
— Тадбиркорлик ривожи бўйича вилоятимизда катта ишлар қилинмоқда. Айни пайтда ялпи ҳудудий маҳсулотда соҳа вакилларининг улуши салкам 80 фоизга етгани ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Вилоятимизда енгил ва озиқ-овқат саноати, бинокорлик материаллари ишлаб чиқариш каби йўналишларда ривожланиш юқори. Энди тадбиркорларимиз бошқа соҳаларни ҳам қамраб олишлари зарур. Бунинг учун шарт-шароит етарли. Мисол учун, “Наманган” ва “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зоналари, 15 дан ортиқ кичик саноат ҳудудлари имкониятидан кенг фойдаланиш талаб этилади. Яна бир масала: энди маҳсулотини фақат ички бозоргагина сотаман, деган тадбиркор узоққа бора олмайди. Кичик корхона ва фирмаларимиз ташқи бозордан ҳам ўз ўринларини топишлари зарур.
Бизнес қиламан, деган одамга, энг аввало, ер, бино керак. Билсангиз, жой сўраб қабулга келаётган тадбиркорлар сони жуда кўп. Нима, фақатгина янги бино қуриш керакми? Ваҳолонки, жойларда фойдаланилмай ётган давлат мулки объектлари мавжуд. Биз уларни ишбилармонларга имтиёзли шартлар асосида ёки “ноль” қийматда тақдим этишга тайёрмиз. Тадбиркорлар билан учрашувлар чоғида уларнинг манфаатларини доимо қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирамиз. Ўйлайманки, шу сингари масалаларни изчил ечар эканмиз, тараққиёт суръатлари янада тезлашади.
— Ҳаётга татбиқ этилаётган дастурлар замирида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдек эзгу мақсад устувор ўрин тутади. Айтингчи, ижтимоий йўналишда ҳам инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганми?
— Эътибор берган бўлсангиз, янги йилнинг биринчи ҳафтасида ижтимоий тармоқларда вилоят аҳлини маҳаллий бюджетнинг соҳалар бўйича ижроси тўғрисидаги маълумотлар билан таништирдик. Унда, масалан, соғлиқни сақлаш соҳаси учун 57,9 миллиард, таълим соҳасига 10,1 миллиард, маданият соҳасига 1,1 миллиард, ободонлаштириш тизимига 4,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилганлиги кўрсатилган. Табиийки, буларнинг барчаси халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун етарли шарт-шароитларни яратишга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга.
Энг замонавий таълим маскани ҳисобланган Президент мактабипойтахтдан кейин Наманганда очилганлиги бизга ифтихор бағишлайди. Инновацион таълим технологияси, хорижлик ва маҳаллий педагоглардан сараланган жамоа вакиллари жалб этилган мазкур таълим масканида жиддий синовлар асосида қабул қилинган 144 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Улар янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган, малакали кадрлар бўлиб етишишига ишончимиз комил.
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижроси доирасида “Нодирабегим” ахборот-кутубхона марказининг қиёфаси тубдан янгиланди. Бу ерда китобхонлар учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилди.
— Олдинроқ Наманган вилояти соғлиқни сақлаш соҳаси асосий кўрсаткичлар бўйича республикада етакчи ўринга чиқиб олгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди...
—Буни соҳага кўрсатилаётган доимий эътибор, хусусан, тиббий муассасалар моддий-техник имкониятлари мустаҳкамланиб, шифокорларимизнинг ташхис қўйиш ва даволаш ишларига илғор технология, замонавий воситаларни дадиллик билан жорий этаётганликлари самараси деса тўғри бўлади. Айтиш керакки, кейинги пайтларда соҳа мутахассислари яқин вақтгача, асосан, хорижда амалга оширилган мураккаб жарроҳлик амалиётларини маҳаллий шароитда бажараётганликлари кўпчиликни ажаблантирмай қўйди. Мисол учун, айрим юрак хасталиги билан оғриган ҳамюртларимиз тиббий ёрдам олиш учун катта маблағ сарфлаб, Ҳиндистон, Германия, Россия давлатларига мурожаат қилиб келишгани сир эмас. Мана, икки йилдирки, вилоятдаги кардиология марказида юрак билан боғлиқ сунъий қон айлантириш шароитидаги ноёб амалиётлар муваффақиятли ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ёзида мазкур марказда буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти вилоятлар ўртасида биринчи бўлиб ўзлаштирилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали, кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази шифокорлари томонидан ўзлаштирилган мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам дардига дармон истаб юрган ҳамюртларимиз муаммосига ечим топгани билан эътиборга молик.
2019 йилда вилоят бўйича 59 та тиббиёт муассасасида 105 миллиард сўмликдан кўпроқ ҳажмда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Вилоят эндокринология диспансери, Наманган шаҳридаги 15, Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғидаги оилавий поликлиника янги бинога кўчиб ўтди. Норин туманининг Учтепа қишлоғидаги қишлоқ шифокорлик пункти ҳам замонавий бинода хизмат кўрсатмоқда.
— “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижроси аҳоли тураржойларини кўркам қиёфага киритаётгани билан эътиборни тортади. Наманганда бошқа вилоятлардан фарқли равишда “Обод марказ” дастури ҳам ишлаб чиқилган. Унинг мазмун-моҳияти нимада?
— Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида “Наманган ўзгариши керак. Вилоят турмуш даражаси анча юқори бўлиши лозим. Вилоят аҳли, ёшлари бунга муносиб!” деган фикрни ўртага ташлаган эди. Бу бутун Наманган аҳлини вилоятимизнинг янги қиёфасини белгилашга ундади. Шундан келиб чиқиб, амалда қўлланилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари қаторига намуна сифатида ишлаб чиқилган “Обод марказ” дастури ҳам қўшилди.
Жойларда янги ижтимоий объектлар қурилиши ва реконструкциясини, ривожланган инфратузилмалар барпо этиш ҳамда кенг кўламли ободонлаштириш тадбирларини қамраб олган “Обод марказ” дастури ижроси натижасида туман марказлари замонавий шаҳарлардан қолишмайдиган кўринишга киряпти. Бундан халқимиз хурсанд. Айтиш керакки, дастурга асосан, 660 дан зиёд объектларда бир триллион 433 миллиард сўмлик ишлар бажарилиши кўзда тутилган. Айни йўналишдаги лойиҳалар ижроси билан Косонсой, Мингбулоқ, Наманган, Норин, Тўрақўрғон, Учқўрғон, Поп ва Янгиқўрғон туманлари марказлари янгиланган қиёфада аҳолига тақдим қилинди. Уйчи ва Чуст туманларида ҳам бу борадаги ишлар ниҳоясига етказилди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилди. Қурувчилар катта ҳажмда қурилиш-ободонлаштириш ишларини рўёбга чиқарди. Шу жумладан, 8 662 та якка тартибдаги, 9 та кўп қаватли тураржой, 446,5 километр ички йўллар таъмирланди. 379,3 километр узунликда ичимлик суви тармоқлари мукаммал таъмирланди. Маҳалла гузарлари ишга туширилди. Янгиланган ҳудудлардаги бундай ўзгаришлардан одамларнинг кўнгли кўтарилмоқда, ҳаётга муҳаббати ортяпти.
— 2020 йил режаларида кўпроқ қайси йўналишларга эътибор қаратилади? Вилоят олдида турган устувор вазифалар нималардан иборат?
— Энг аввало, барча ютуқлар, ижобий ўзгаришларга халқимизнинг фаол иштироки билан эришаётганимизни таъкидлаб ўтмоқчиман. Янги йил режаларига келсак, улар ўтган йилдагидан анча салмоқли. Шундан келиб чиқиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни бешта муҳим йўналишга бўлдик.
Биринчи навбатда, саноат ишлаб чиқаришни жадаллаштиришимиз талаб этилади. Ҳозирги кунда ушбу соҳада республикадаги улушимиз 3,3 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткични 5 фоизга етказиш тадбирларини ишлаб чиқдик. Шу боис ўз олдимизга жалб этиладиган хорижий инвестицияларни 500 миллион АҚШ долларига етказиш вазифасини қўйдик.
Кейинги йўналиш қишлоқ хўжалиги соҳасига қаратилган бўлиб, пахтачилик, ғаллачилик ва бошқа экинлар парваришига дунёнинг илғор мамлакатлари тажрибаси, масалан, Хитойнинг томчилатиб суғориш усулини кенг жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Вилоят иқтисодиётида хизмат кўрсатиш ва туризмнинг ўрни мустаҳкамланиб боряпти. Жорий йилда Наманганга ташриф буюраётган сайёҳлар сонини 200 минг нафарга етказиш имкониятини яратиш учун ҳар бир туманда биттадан, вилоят марказида эса 10 та замонавий меҳмонхона қурилади. “Афсоналар водийси” боғини тўла ишга тушириш, Янгиқўрғон туманида Нанай туристик зонасини ташкил этиш, Косонсой, Чуст, Поп ва Чортоқ туманларида ҳам сайёҳлик марказлари барпо этиш режалаштирилган.
Бугунги кунда қурилиш индустриясининг ишлари анча тиғизлашган. Арзон уй-жойлар барпо этишни янада кўпайтирамиз. Республикада иккинчи гольф клубига эга бўладиган “Namangan Square” мажмуасининг қурилиши давом эттирилади. “Namangan city” лойиҳаси, вилоят марказидаги “Юксалиш” шаҳарчаси ёнида йўлдош шаҳарча барпо этиш сингари ишлар ҳам навбатдаги вазифаларимиз сирасига киради.
Биз йилнинг бешинчи устувор вазифаси сифатида Наманганни халқаро ва республика миқёсидаги тиббиёт марказига айлантириш ҳаракатига киришдик. Шу мақсадда Австриянинг “AME international GmbH” компанияси билан 10 миллион АҚШ доллари қийматидаги кардиология маркази барпо этилади. Германиянинг “Textima Export GmbH” компанияси эса 30 миллион АҚШ доллари йўналтириладиган кўп тармоқли тиббий марказ қурилиши ва уни жиҳозлашда иштирок этмоқда.
Замон шиддат билан ўзгариб, вақтнинг қадри ортиб боряпти. 2020 йилги режаларимизнинг кўлами ўтаётган ҳар бир кун, соат ва дақиқалардан унумли фойдаланишни тақозо этмоқда. Айни талабни ҳисобга олиб бугун долзарб вазифалар ижросига жадал киришганмиз. Асосий мақсад — барча саъй-ҳаракатимиз аҳоли турмуш фаровонлигига хизмат қилсин.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.
Тасодифий хабарлар
Nexia ҳайдовчиси ЙПХдан қочаётганида инспектор ва пиёдани уриб юборди
Кўчма савдо ва ошхоналарга рухсат берилади
Google ходимларининг маошлари қанча?
АОКАга янги раҳбар тайинланди
Мирзиёев ҳокимларга ичимлик суви таннархини арзонлаштириш вазифасини қўйди