Бугун, 1 август кунидан бошлаб олий таълим муассасаларидаги талабалар тураржойи учун аризалар қабул қилина бошланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 376-сон қарори (олий таълим муассасалари талабаларини тураржой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида) билан тасдиқланган регламентга асосан, 1 августдан бошлаб талабалар аризаларини my.gov.uz портали орқали юбориши мумкин.
Регламентга мувофиқ, дастлаб имтиёз ва устуворликларга эга талабгорлар талабалар тураржойларига қабул қилинади:
- “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (аёл) фарзандлари;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;
- хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар;
- бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;
- халқаро ва вазирлик томонидан ўтказиладиган республика миқёсидаги фан олимпиадаларида ғолиб бўлган талабалар;
- вазирлик томонидан ўтказиладиган “Заковат” интеллектуал ўйинлари республика босқичи ғолиблари;
- “Йил талабаси” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари;
- “Талабалар театр студиялари” танловининг республика босқичи ғолиблари;
- талабалар тураржойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар.
Шундан сўнг, умумий рўйхатдаги талабалар учун ётоқхонада ортиб қолган ўринлар сонига нисбатан навбат асосида қуйидагича тақсимланади:
- 1-курс талабалари учун 55-65 фоиз;
- 2-курс талабалари учун 15-20 фоиз;
- 3-курс ва ундан юқори курс талабалари учун 20-25 фоизгача ажратилади.
Билдирилишича, аризалар қабули 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.
Қўшимча қилинишича, 2025-2026-ўқув йилида ОТМ 1-босқичига тавсия этилган абитуриентлар якуний натижа чиққандан сўнг ариза юборишлари мумкин бўлади. Улар учун ҳам жойлар юқоридаги тартиб асосида ажратилади.
Тасодифий хабарлар
Луганскнинг деярли барча ҳудуди эгаллаб олинди – ЛХР раҳбари
Ҳарбий хизматга қабул қилишнинг янги тартиби белгиланмоқда
5 нафар журналистнинг қотили умрбод қамоқ жазоси олди
«Қиёмат музлиги» кутилганидан тезроқ хавф сола бошлади
Наманганда 24 ёшли йигитнинг жасади топилди