Илгари подшолар тўй қилса, оч-наҳор инсонларга эҳсон сифатида дастурхон ёзган. Бугунчи?!

Илгари подшолар тўй қилса, оч-наҳор инсонларга эҳсон сифатида дастурхон ёзган. Бугунчи?!

Болалик даврларимни эслайман. У пайтлар ҳамма нарса бошқача рангда бўлади. Айниқса, тўй-маросимлар. “Битта мулла, бир калла қанд”, деганларидек, тўй қилиш ҳозиргидек қийин масала эмасди.

Ўқиган эртакларимизда эса подшолар қирқ кеча-кундуз тўй қилиб, унда мингта туя ва мингта қўй сўйиб, камбағалларга тарқатгани айтиларди... Тинч юртда яшаяпмиз, ҳалқимизнинг эгни бутун, дастурхонимиз тўкин. Аммо тан олиш ҳам керак, кейинги пайтларда элнинг оғзига тушган айрим тўйларни кузатсак, ўша эртакларда подшолар томонидан қилинган хатти-ҳаракатлар айрим фуқаролар томонидан такрорланаётгани одамни ажаблантиради. Охирини суриштирсангиз, ўғлини уйлантириш ёки қизини чиқариш учун оила катталари, эркак ёки аёл ҳорижда машаққат чекаётган, мусофирликда юрган бўлади. Ким учун, 1000 кишилик тўй учунми? Одамлар мақтаб гапиришлари учунми? Арзимаган ялтир-юлтурлар учунми? Булар ёшларнинг бахтли яшашлари учун кафолат бўла оладими?

Албатта, ҳар бир даврнинг ўзига хос анъаналари, одатлари ва маросимлари бўлади. Ёшимиз улғайиб, ҳаётда маълум бир поғонани эгаллаб, қиз узатиб, келин тушириб, шу нарсага амин бўлдикки, қўлимиз очиқлиги, сахийлигимиз ҳаддан ортиб, энди дунёга кулги бўлишни бошладик. Аниқроғи, хорижликлар биздаги исрофгарчиликларни кўриб, бизни мазах қиляпти.

Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қўшма қарор бу муаммога ечим бўлади, деб ўйлайман. Ҳар нарсада чегара, меъёр бўлгани яхши.

Тўйларни ихчам, камчиқим ва камхарж тарзда ўтказиш, миллий қадриятларимизга мос бўлмаган турли одатлардан воз кечиш ва буни ёшлар онгига сингдириб бориш олий таълим тизимида ёшларга сабоқ бераётган биз каби профессор-ўқитувчиларнинг ҳам асосий вазифаларидан бири, деб биламан. Шунингдек, олий таълим муассасалари ўқитувчилари, зиёлилар бу борада барчага ўрнак бўлиши керак.

Аудиторияга кирганда, талабалар билан мулоқот давомида, турли тадбирларда ўзимиз ҳаётда гувоҳ бўлган воқеалар, ибратли ҳодисалар ва ҳаётий тажрибаларимиздан уларга гапириб беришимиз, ёшларнинг сабоқ олишлари ва ҳаётда нотўғри йўлни танламасликлари учун аввало, ўзимиз уларга ибрат бўлишимиз керак.

Асадулла ДАМИНОВ,

ветеринария фанлари доктори, профессор

Manba: zarnews.uz

×