Тошкент вилоятида мурдани шахсини аниқлаш учун ўтказилган ДНК экспертизаси аёлнинг эрига қилган хиёнатини фош этиб қўйди. Жасаднинг биологик отаси унинг амакиси, яъни онасининг қайнукаси бўлиб чиқди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар берди.
«Айрим аёллар енгил ҳаёт ортидан пул топиб юрган кезлари ҳомиладор бўлиб қолишади. Фарзандини дунёга келтиргач эса уни боқишга қийналади ва биологик отасидан алимент ундириш учун ДНК экспертизасига мурожаат қилишади. Бир пайтлар аёлига, оиласига хиёнат қилиб, кўнгилхушлик қилган эркакларимизнинг эса мана шу жараёнда тинчлиги бузилади. Уларнинг қандай руҳий тушкунликка тушишини тасаввур қилиб кўринг-чи. Боланинг биологик отасини аниқлашда ўша енгилтак аёл билан муносабатда бўлган бир нечта эркакдан экспертиза намуналари олинади. Мана шундай ҳолатга тушган эркакларнинг экспертиза жавоби чиққунга қадар руҳан эзилиб, сочлари оқариб кетганига ҳам гувоҳ бўлганман.
Бунинг сабаби бор, албатта. Экспертизага келаётган эркакларнинг аксарияти оилали, ҳатто бўйи етган фарзандлари, айримларининг қуда-андаси, неваралари ҳам борлиги маълум бўлган. Яна шундай ҳолатлар ҳам бўладики, баъзи жиноятларни очиш мобайнида ДНК экспертизаси жабрланувчиларнинг ўзларига аён бўлган сирларини фош қилиб қўяди. Шунинг учун хиёнат эртами-кечми ошкор бўлади деб бежиз айтишмайди.
Мисол учун, бу воқеа Тошкент вилоятида содир бўлган. Ўша вақтда 16-17 ёшларда бўлган ўсмир мактабни тугатади. Ёшлар йиғилиб, битирув кечаси қилишади. Кечадан чиқиб кетган ўқувчи бедарак йўқолади. Унинг ота-онаси ички ишлар идорасига хабар беради. Аммо у топилмайди. Бахтга қарши орадан анча вақт ўтгач, ўша ўқувчининг белгилари бўлган, лекин таниб бўлмас даражага келиб қолган жасад топилади. Мурданинг шахсини аниқлаш учун ДНК экспертизаси ўтказилади.
Экспертиза ўтказиш учун йўқолган боланинг ота-онасидан намуна олинади. Буни қарангки, экспертиза натижасига кўра она ўша жасаднинг биологик онаси эканлиги тасдиқланади, аммо боланинг отаси бошқа эканини кўрсатади. Жабрланувчилар экспертиза хулосасига эътироз билдиришди. Шундан сўнг ҳаммаси такроран амалга оширилди. Яна ҳам ишончли бўлиши учун бу сафар ўша ўсмирнинг бобоси, амакиси ва бошқа яқин кишиларидан ҳам намуна олиниб, экспертизага жалб этилди. Кейинги хулоса натижаси янада аянчли ҳолатни очиб берди. Афсусланарлиси, жасаднинг биологик отаси унинг амакиси, яъни онасининг қайнукаси бўлиб чиқди. Бир жиноятнинг очилиши аёлнинг эрига қилган хиёнатини ҳам фош этиб қўйди. У оиланинг кейинги тақдири бизга номаълум», — дейди Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертизаси марказининг Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси мудири Дилобар Аҳмедова.
Тасодифий хабарлар
Сайлов жараёнлари субъектларининг қонунчиликда белгиланган жавобгарлиги
Айрим жарималар камайтирилиши мумкин
SSV mirishkorlik 3 nafar ayol tug‘ruq vaqtida shifokorlar aybi bilan vafot etgani yuzasidan xizmat tekshiruvi o‘tkazdi
“Реал Мадрид” Мбаппени тарихдаги энг катта нархга сотиб олди – ОАВ
«Ўзгидромет» об-ҳаво бўйича шошилинч хабар эълон қилди