Мусулмонлар идораси олдида тўполон қилган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Мусулмонлар идораси олдида тўполон қилган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Бугун, 18 октябрь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Рустамбек Каримов (1975 йилда Тошкент шаҳрида шаҳрида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз) ва Тулкун Астанов (1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Ориф Қличев раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра,

Р. Каримов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 1-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазой тайинлаш) 8-қисми тартибида жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2019 йил 16 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил колонияларда ўтаттириш белгиланди.

Т. Астанов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) тартибида, тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли деб ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди. Синов муддати ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланиши кўрсатилди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Азиз Обидов,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди расмий вакили

×