“Снос” масаласида фуқароларнинг “қўли узунлашди”

“Снос” масаласида фуқароларнинг “қўли узунлашди”

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур Низом асосида ҳокимият ва “учар тадбиркор”лар аҳоли розими йўқми кўндаланг “қўйиб қўйган” ҳолда “ҳудуднинг архитектура қиёфасини яхшилаш” ниқоби билан фуқароларнинг уй-жойларини буздириб, ўзларига фойда берадиган объектларни қуриб, сотиш билан шуғулланиб келишаётганди.

Низомга кўра қайсидир ҳудудда фуқароларнинг кўчмас мулкларини бузиш ҳисобига инвестиция лойиҳасини амалга ошириш керак бўлса, дастлаб ўша жойнинг мулкдорлари билан очиқ муҳокама ўтказилиши керак.

Энди низомга ўзгартириш киритилиб, ўша очиқ муҳокама давомида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган ер участкасида инвестиция лойиҳаси амалга оширилишига битта мулкдор қарши бўлган тақдирда ҳам мазкур ҳудудда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга оширишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилибди.

“Бу менимча фуқароларнинг мулк дахсизлигини таъминлаш йўлидаги яхши амалий қадам. 

Биз бизнес юритиш, инвестиция оқимини кучайтириш, энг муҳими фуқаро ва давлат ўртасидаги ишончнинг мустаҳкамлигида бу талаб қанчалар зарур эканлигини кўрдик.

Энди бу камчиликларни кеч бўлса ҳам тўғирлаб, судсиз ёки компенсациясиз мулкларидан маҳрум бўлиб, йиллаб сарсон юрган фуқаролар олдидаги қарзимизни қоплашимиз керак”, деган Кушербоев.

×