Турк Кенгашида Ўзбекистоннинг ўрни қай даражада бўлади?

Турк Кенгашида Ўзбекистоннинг ўрни қай даражада бўлади?

2019 йилнинг 14 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг (Турк Кенгаши) Бош котиби Багдад Амреев Ўзбекистоннинг 2009 йилнинг 3 октябрь куни имзоланган “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилгани ҳақида баёнот берди. Мазкур Битимнинг ратификацияси тўғрисидаги қонун 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида тасдиқланган ва айни куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланганди.

Ташкилотнинг ҳуқуқий тамали бўлган Нахичеван битими имзоланганининг 10 йиллиги арафасида Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши алоҳида рамзий аҳамият касб этади. Чунки 2019 йилнинг 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган Турк Кенгашининг еттинчи саммити арафасида Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши билан бирга Можаристонда Турк Кенгаши ваколатхонасининг очилиши ва Туркманистоннинг эса ташкилотда кузатувчи сифатида иштирок этишга қарор қилгани Турк Кенгаши тарихида янги давр бошланганидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашув арафасида Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини маълум қилган эди. Ушбу баёнот ортидан ўтган йилнинг 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида ўтган Турк Кенгашининг олтинчи саммитида фахрий меҳмон сифатида қатнашган Шавкат Мирзиёев ўз нутқи давомида “Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, дея қайд этганди.

Аслини олганда Чўлпонота Саммитини Турк Кенгаши тарихида янги даврнинг бошланғич нуқтаси сифатида таърифлаш мумкин. Чунки бу Саммит қуйидаги иккита жиҳати билан алоҳида аҳамият касб атади:

Биринчидан, 2015 йил 10 сентябрь куни бўлиб ўтган Турк кенгашининг бешинчи саммитидан сўнг Қирғизистон ва Туркия орасида юзага келган совуқчилик туфайли Қирғизистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган олтинчи саммит кечиктирилганди. Саммитнинг кечиктирилиш сабаби ҳақида Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлиги расмий вакили Айимкан Кулукеева ташаббуснинг Қирғизистон тарафидан илгари сурилганини билдирганди. 2017 йил 15 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг Қирғизистоннинг янги президенти Сўўронбай Жеенбеков иқтидорга келиши ортида Турк Кенгаши доирасида ҳамкорликни кучайтириш масаласи такрор кун тартибига олиб чиқилди. 2018 йилнинг 21 июнь куни Қирғизистон Президенти Сўўронбай Жеенбеков Турк Кенгашнинг олтинчи саммитини ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади ва Саммитнинг ташкилий қўмитаси тузилди. Шу маънода Саммитнинг икки йиллик кечикиш ортидан ўтказилишини Турк Кенгаши тарихида янги саҳифа сифатида баҳоланиши мумкин.

Иккинчидан, Турк Кенгашининг олтинчи саммитига тайёргарликлар давом этаркан минтақада алоҳида мавқега эга бўлган Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига аъзо бўлиши ҳақидаги фикр ва мунозаралар матбуот марказида ўрин олди. 2018 йилнинг 29 апрел – 3 май кунлари Туркия Президенти Ражап Тоййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга расмий сафари чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Турк Кенгашига аъзолик борасидаги фикрлари турк дунёси халқлари томонидан мамнуният билан қарши олинганди. Шу билан бирга президент Шавкат Мирзиёевнинг Турк Кенгаши олтинчи саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзолик йўлидаги жиддий бир қадам бўлди.

Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига аъзолигининг ўз-ўзидан олинган қарор бўлмаганини таъкидлаш лозим. Унгача бўлган тадрижий жараёнларга қаралса 2017 йилнинг 7 февралида тасдиқланган “2017-2021 йиллар Ҳаракатлар стратегияси”да Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликнинг кучайтирилиши ташқи сиёсатдаги асосий устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилганини кўриш мумкин. Зеро Шавкат Мирзиёевнинг иқтидорга келиши ортидан қилган илк фаолияти қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳамлаш бўлди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон учун Турк Кенгашига аъзолигига оид масала ҳам биринчи навбатда, ушбу ташкилот доирасида минтақа давлатлари билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро муаммоларни ҳал қилиш учун қўшимча платформада иштирок этиш сифатида талқин қилишини мумкин.

Минтақа ташқарисидаги Турк Кенгашнинг қолган иккита аъзоси бўлган Туркия ва Озарбайжон билан ҳам дўстона алоқалар янги босқичга чиқди дейиш мумкин. Айниқса, Туркия билан муносабатларга тўхталганда, орадан 18 йил ўтиб, 2017 йилнинг 25-27 октябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга сафар қилиши икки томонлама алоқаларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим қадам бўлди. Ўтган қисқа давр мобайнида Туркия билан савдо-тижорий алоқаларининг кескин бир тарзда ортгани кўрилмоқда. Хусусан, савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқалари кенгайиб бораётган айни пайтда Ўзбекистонда 500 га яқин турк фирма ва компаниялари фаолият юритаётгани ва ўзаро савдо айланмасининг 2 миллиард долларга етгани бунинг яққол далилидир. Қисқача айтганда Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига аъзолиги кўп векторли ташқи сиёсат доирасида қардош халқлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган дейиш мумкин.

Шу ўринда Чўлпонота Саммити олдидан ва ундан кейин берилган баёнотлар ва билдирилган фикрларда Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига аъзолигининг аҳамияти алоҳида урғулангани диққатга сазовордир. Жумладан, Турк Кенгаши Бош котиби ўринбосари Ўмар Кожаман Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолининг аҳамиятини қуйидагича ифода этади:

“Турк Кенгашига Ўзбекистоннинг ва Туркманистоннинг қўшилиши жуда муҳим мавзудир. Ўзбекистон бой тарихий мероси, аҳолиси ва динамизми билан Турк Кенгашининг мустаҳкамланишига жуда катта ҳисса қўшиш салоҳиятига эга. Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши билан Турк Кенгаши иқтисодиёт, таълим, спорт, туризм ва транспорт соҳаларида кенг қамровли лойиҳаларни амалга оширади. Ўзбекистоннинг иштироки Турк Кенгашига куч беради. Турк Кенгаши Ўзбекистоннинг иштироки билан минтақавий ва халқаро барқарорликнинг мустаҳкамланишига муҳим ҳисса қўшади”.

Билдирилган фикрлардаги умумий жиҳат эса Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига аъзолиги Турк Кенгаши доирасидаги икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг янада ривожланиши ҳамда ташкилотнинг институционал тузилма сифатида минтақавий ва халқаро мавқеининг юксалишига хизмат қилиши билан боғлиқдир. Бундай ёндашув қуйидаги омиллар билан изоҳланиши мумкин:

  1. Демографик омил. 33 миллионлик аҳолига эга бўлган Ўзбекистон ташкилотда Туркиядан сўнг иккинчи давлат саналади. Умумий аҳоли сонининг ортиши ҳар қандай халқаро тузилманинг халқаро алоқалардаги ўрнини мустаҳкамлайдиган муҳим жиҳат саналади. Шу билан бирга, Ўзбекистон каби кўп сонли аҳолига эга давлатнинг ташкилотга аъзо бўлиши ташкилот доирасидаги ўзаро алоқаларга ҳам таъсир кўрсатади. Бу биринчи навбатда Турк Кенаши доирасида амалга ошириладиган ижтимоий ва иқтисодий лойиҳаларнинг амалга оширилишида яққол намоён бўлади.
  2. Жўғрофий омил. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг марказида жойлашган бўлиб минтақанинг барча давлатлари билан чегарадошдир. Шу маънода Ўзбекистоннинг Турк Кенгашидаги иштироки асосан Хитой ва Европа ўртасида ривожланаётган тижорий фаолиятлар натижасида аҳамияти янада ортаётган “марказий йўлак”нинг барқарорлиги нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда “марказий йўлак”ка муқобил бўлган “жанубий йўлак”нинг ҳам Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия ҳудудларидан ўтиши ушбу давлатлар орасидаги транспорт алоқаларнинг янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

2018 йилнинг 12 август куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида бўлиб ўтган Каспий денгизи давлатлари саммитида Каспий денгизнинг ҳуқуқий статуси борасида келишувга эришилганди. Шартноманинг имзоланиши ортидан Каспий денгизи орқали ўтадиган Шимол-Жануб йўлагини ишга тушириш борасида ишлар бошлаб юборилди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши эса “марказий йўлак”нинг актив ҳолга келиши ва “жанубий йўлак”ка боғланишига имкон яратади. Шу сабабли ҳам Турк Кенгашининг олтинчи саммитидаги нутқи мобайда Қирғизистон Президенти Сўўронбай Жеенбеков, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлининг барпо этилишига доир лойиҳанинг амалга оширилиши учун Ўзбекистоннинг Турк Кенгашидаги иштирокининг ўта муҳим эканини алоҳида таъкидлаганди.

  1. Ҳарбий омил. Марказий Осий минтақасининг энг кучли армиясига эга бўлган Ўзбекистоннинг Турк Кенгашга аъзо бўлиши айни пайтда минтақада тинчликнинг сақланиши ва ҳарбий соҳадаги ҳамкорликнинг кучайишига имкон яратади. Бошқа сўз билан айтганда, ҳозирда икки томонлама алоқалар доирасида ривожланаётган мазкур соҳадаги ҳамкорлик Турк Кенгаши доирасида кўп томонлама савияга юксалиши мумкин. Шу ўринда Ўзбекистон ва Туркия орасидаги хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги поғонага юксалганини кузатиш мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси махсус отряди ва Туркия Республикаси Жандармерияси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини яна ривожлантириш бўйича тузилган амалий ҳаракатлар Режаси “Йўл харитаси”ни амалга ошириш юзасидан 2018 йилнинг 5-17 август кунлари Жиззах вилоятидаги “Фориш” тоғ полигонида Миллий гвардия махсус отряди ва Туркия Жандармерияси ўртасида ўзбек-турк ҳамкорлик тренинглари бўлиб ўтди.
  2. 4Туризм омили. Турк Кенгашнинг 2014 йил июнь ойида Бодрум шаҳрида бўлиб ўтган Саммитида “Замонавий Ипак йўли туристик пакети” жорий қилинганди. Бухоро, Самарқанд ва Хива дунё маданий меросининг муҳим шаҳарларига эга бўлган Ўзбекистоннинг Турк Кенгашга аъзо бўлиши бошқа соҳаларда бўлгани каби туризм соҳасидаги ҳамкорликни ҳам янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Шу ўринда, Ўзбекистон раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, туризм соҳасининг мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланганини қайд этиш лозим. Президентнинг 2017 йил 16 августдаги қарори билан 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Айниқса 2018 йилнинг 10 февралидан бошлаб Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Исроилдан келаётган туристларга 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилиши Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятидан унумли фойдаланишга астойдил бел боғлаганининг исботи сифатида баҳоланиши мумкин.

  1. Иқтисодий омил. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Турк Кенгашининг олтинчи саммитида қилган нутқида Ўзбекистонда инвесторларга берилаётган имкониятларга алоҳида урғу бераркан Тошкентда Турк Кенгашининг Иш Форумини ташкил қилишга чақирганди. Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев ўтган йил мобайнида Ўзбекистон ва Турк Кенгаши аъзо давлатлари орасидаги савдо ҳажмининг 40%га юксалганини таъкидлаганди.

Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига аъзо бўлишининг мамлакат иқтисодиёти учун аҳамиятининг яна бир муҳим жиҳати Ўзбекистоннинг қолган аъзоларга нисбатан иқтисодий жиҳатдан энг қулай мавқеда экани билан изоҳланиши мумкин. Ўтган даврда Турк Кенгаши доирасидаги иқтисодий лойиҳаларга назар ташланадиган бўлса қуйидаги сабаблар туфайли лойиҳаларнинг амалга оширилишида тўсқинликларга дуч келинганини кузатиш мумкин:

- Аъзо давлатларнинг иқтисодий имкониятларидаги фарқнинг катталиги. Биринчи навбатда Қирғизистон ва Туркиянинг иқтисодий салоҳияти орасида жуда катта фарқ борлигини таъкидлаш лозим.

- Аъзо давлатларнинг турли иқтисодий блоклардаги иштироки. Бунга мисол сифатида Қирғизистоннинг иқтисодий ва ҳарбий соҳада иккита кучли давлат бўлган Хитой ва Россия билан қалин алоқада эканини келтириш мумкин.

- Қирғизистон ва Қозоғистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги.

- Аъзо давлатлар миллий иқтисодиётининг шаклланишидаги фарқлар. Масалан Қозоғистоннинг иқтисодиёти асосан табиий газ ва нефт экспортига боғлиқ бўлса Туркия иқтисодиётининг эса асосан саноат махсулотлари экспортига таянганини кўриш мумкин. Шу сабабли ҳам икки давлатнинг иқтисодий мақсадлари фарқлидир.

Ўзбекистоннинг Турк Кенгашидаги иштироки фарқли иқтисодий салоҳиятлар ва иқтисодий сиёсатлар нуқтаи назаридан ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг ривожланишида алоҳида аҳамият касб этади. Зеро Ўзбекистон иқтисодиётидаги диверсификация ҳолати ҳисобга олинганда Турк Кенгаши доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик соҳаларида нисбатан эркин қарорлар олиш имкониятига эгадир. Айни пайтда табиий қазилма бойликларига эга бўлиш билан бирга Ўзбекистон 33 миллионлик аҳолига эга бўлган минтақанинг муҳим истеъмол бозори саналади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига аъзолиги янги давр нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга моликдир. Чунки халқаро конъектурадаги ўзгаришлар ва кўп қутбли дунёга ўтиш жараёнларида Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига аъзо бўлиши ташкилот мисолида янги куч марказининг шаклланишида муҳим қадам бўлади.

×