Наманган ва Тошкент вилоятларида тегишли лицензия ва ҳужжатларсиз дори воситаларини сотиш билан шуғулланган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “А.” МЧЖ раҳбари томонидан ноқонуний дорихона ташкил этилгани аниқланган.
Маълум бўлишича, у Наманган шаҳри “Ғишт кўприк” маҳалласи ҳудудидаги бинода тегишли лицензиясиз дорихона очган. У ерда сифати ва келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 122,9 миллион сўмлик 425 турдаги 12 минг 844 қути дори воситалари ва тиббий буюмлар савдога қўйилган. Ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Яна бир ҳолат Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида аниқланган. Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўтказган тезкор тадбирда фуқаро Д.С. ва бошқалар фуқаро Б.С.га тегишли ҳужжатлари бўлмаган хорижда ишлаб чиқарилган 1 700 дона “Аксигил” ва 1 693 дона “Акса лево” номли дори воситаларини сотган вақтида ушланган.
Улар жами 3 393 дона дори воситасини дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқарида 51 миллион сўмга сотган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-12-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий жиҳозларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Wildberries омборларини Ўзбекистонга кўчирмоқчи
Жанубий Корея разведкаси собиқ раҳбари 9 йилга озодликдан маҳрум этилди
Ҳаж ва Умрага рухсат берилиши кутиляпти
«Uzbekistan Airways» 4 август куни Истанбулга навбатдаги парвозни амалга оширмоқда
Samsungнинг энг машҳур серияси 17 март куни тақдим этилади