Россиянинг энг йирик маркетплейси Wildberries’нинг узоқ муддат сақланадиган маҳсулотлари Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги омборларга йўналтирилиши мумкин. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Қайд этилишича, бунга Украина дронларининг компания омборларига уюштираётган ҳужумлари сабаб бўлмоқда. Сотувчилар билан ўтказилган учрашувларда Wildberries вакиллари янги логистика тизими жорий этилишини маълум қилган. Учрашув иштирокчиларидан бирининг айтишича, уларга энди узоқ муддатли сақлаш омборлари Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистонда жойлашиши айтилган. Бироқ бу ўзгариш нархлар, етказиб бериш муддати ва маҳсулотларни ушбу давлатларга қандай ташиш масаласига қандай таъсир қилиши ҳозирча очиқланмаган.
Бошқа тадбиркорнинг сўзларига кўра, Wildberries мазкур давлатларда аллақачон ўзига тегишли ва ижарага олинган омборларга эга бўлиб, маҳсулотларни хориждаги логистика марказларига кўчиришни бошлаб юборган. Сотувчилардан бири вазиятни шундай изоҳлаган:
“Компания янги омборга маҳсулот юборишни сўраши билан у ерга дронлар зарба бермоқда”.
Унинг фикрича, маҳсулотларни хорижий омборларга кўчириш уларни ҳужумлардан ҳимоя қилиши мумкин. Бироқ тадбиркорлар бу қарор бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқаришидан хавотирда.
Уларнинг айтишича, узоқ логистика занжири сабабли Wildberries етказиб бериш тезлиги ва нархи бўйича асосий рақобатчиларига ютқазиши мумкин. Йирик сотувчиларнинг айланмасининг 70-80 фоизи айнан компаниянинг узоқ муддатли сақлаш омборлари орқали амалга оширилади. Ўз омборидан мустақил етказиб бериш эса, уларнинг фикрича, асосан кичик ва ўрта бизнес учун мос.
Яна бир муаммо – товарларни давлат чегараси орқали олиб ўтишда божхона декларациясининг талаб қилинишидир. Айрим сотувчиларнинг таъкидлашича, Wildberries’даги кўплаб маҳсулотлар Россияга “кулранг” ёки ноқонуний схемалар орқали олиб кирилган бўлиб, бундай товарларни расмий равишда экспорт қилиш қийин кечади. Шу сабабли, йирик етказиб берувчилар вазиятни уддалаши мумкин бўлса-да, кичик ва ўрта бизнес вакиллари жиддий қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Тадбиркорлар яна бир хавфни ҳам тилга олмоқда. Уларнинг фикрича, Қозоғистондаги омборлар орқали Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларни олиб кириш осонлашади. Натижада арзон Хитой маҳсулотлари сони ортиб, маҳаллий сотувчилар учун рақобат кучаяди.
Маълум қилинишича, Wildberries Қозоғистоннинг Остона ва Олмаота шаҳарларида қарийб 46 минг квадрат метр омборни ижарага олган ҳамда яна 260 минг квадрат метрлик логистика мажмуасини қурмоқда. Уни 2027 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Беларусда эса компания қиймати 11 миллиард рубл бўлган, умумий майдони 140 минг квадрат метрни ташкил этувчи йирик омбор қурмоқда. Ҳозирча унинг 20 минг квадрат метри ишга туширилган. Лойиҳа тўлиқ 2026 йил охири ёки 2027 йил бошида якунланиши кутилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда яна бир йирик логистика марказини қуриш режалаштирилган.
Ўзбекистонда эса Wildberries Марказий Осиё логистика хабини барпо этмоқда. Компания бош директори Роберт Мирзоян маълум қилишича, лойиҳа Тошкент вилоятида қурилаётган 170 минг квадрат метрлик омбор мажмуаси ва саралаш марказини ўз ичига олади. Мазкур логистика маркази “Россия – Ўзбекистон – Яқин Шарқ” йўналишини боғлаши, шунингдек, “Хитой – Ўзбекистон – Африка” экспорт йўналиши учун транзит нуқтасига айланиши режалаштирилган.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 2 август ҳолатига Wildberries логистика инфратузилмасининг 17-22 фоизи Украина дронлари ҳужумлари оқибатида шикастланган. Кейинчалик компаниянинг яна иккита йирик омборига зарба берилган. Мутахассислар вайрон бўлган объектларни тиклаш харажатини 62,5-80,8 миллиард рубл, сотувчилар кўрган зарарни эса қарийб 280 миллиард рублга баҳоламоқда.
Тасодифий хабарлар
Фатво ҳайъати вакцина олишнинг ҳукмини эълон қилди
19 ёшли қизнинг иш жойида зўрлангани ҳолати бўйича прокуратура маълумот берди
1 сентябрдан нималар ўзгаради?
Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилади
Газ экспорти 78 фоизга камайди