Тошкент шаҳрида 6 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этди, яна 2 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида 6 нафар фуқаро вафот этган, яна 2 нафар фуқаро оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хусусий уйда содир бўлган. Аниқланишича, уйнинг ертўла қисмига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермаган, газ тармоғига эса белгиланган тартибда тегишли техник шартларсиз уланилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-(Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 257-(Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш), 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар! Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида газ ускуналари ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилишингизни сўраймиз. Шунингдек, газ ускуналари ва иситиш мосламалари белгиланган тартибда малакали мутахассислар томонидан ўрнатилиши ҳамда уларнинг техник ҳолати мунтазам текшириб турилиши лозим. Хавфсизлигингизга бефарқ бўлманг! Ўзингиз ва яқинларингизни асранг!” дея мурожаат қилган Бош прокуратура фуқароларга.
Тасодифий хабарлар
«Apple» қайси айфонларни чиқаришни тўхтатишини эълон қилди
Ислом Каримов хотира альбомига қизларининг сурати киритилмади
1 октябрдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?
Россия ўзининг космик станциясини яратишни бошлади
Туркияда ўзбекистонлик аёл отиб ўлдирилди