“Оmicron” ва “дельта” штаммлари бир вақтнинг ўзида юқиши мумкинлиги аниқланди

“Оmicron” ва “дельта” штаммлари бир вақтнинг ўзида юқиши мумкинлиги аниқланди

Коронавируснинг “omicron” ва “дельта” штаммлари бир вақтнинг ўзида инсон танаси ҳужайраларига кириб, янги, янада хавфли вирус турининг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Американинг Pfizer фармацевтика компанияси бош тиббий мутахассиси Пол Бертон маълум қилди.  

“Жанубий Африкада олиб борилган илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одамлар, айниқса иммунитети заиф одамлар бир вақтнинг ўзида иккита вирусни юқтиришлари мумкин. Ҳозирда бу биз кўраётган инфекциялар сонини ҳисобга олган ҳолда мумкин”, деган шифокор. 

Бертоннинг қўшимча қилишича, бир вақтнинг ўзида иккита штамм билан касалланиш янада юқумли вариантга олиб келиши мумкин. 

Мутахассисларнинг фикрича, иккала штамм ҳам битта ҳужайрага юқиб, шу тариқа мутацияга учраши мумкин, аммо ҳодисаларнинг бундай ривожланиш эҳтимоли ниҳоятда паст деб баҳоланмоқда. 

Таъкидланишича, коронавирус пандемияси даврида штаммларнинг рекомбинацияси деб аталадиган учта ҳолат аниқланган, улар якунда янги мутациянинг пайдо бўлишига ёрдам бермаган ва инфекциянинг янги тарқалишига сабаб бўлмаган. 

Мисол учун, шундай ҳолатлардан бири шу йил бошида Буюк Британияда содир бўлган. Ўшанда вируснинг биринчи марта Испанияда аниқланган B.1.177 штамми билан альфа штамми қўшилиши натижасида вирус варианти аниқланган. Мутацион штамм билан касалланишнинг жами 44 та ҳолати қайд этилган, аммо кейинчалик бу вариант “ўз-ўзидан эриб кетган”. 

Шунингдек, февраль ойида АҚШнинг Калифорния штатида "альфа" штамми Қўшма Штатларнинг ғарбий қирғоғида топилган B.1.429 тури билан бирлашганидан кейин яна бир рекомбинация қайд этилган. Бироқ, охир-оқибат, мутахассислар ушбу штамм билан касалланиш ҳолатларининг жуда кам сонини аниқлаган. 

Маълумот ўрнида, 26 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Африканинг жанубида аниқланган В.1.1.529 коронавирус штаммини юнонча “omicron” ҳарфи билан белгилади. У жуда кўп мутацияларга эга, уларнинг баъзилари ЖССТни ташвишга солмоқда. Дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларида аллақачон топилган “omicron” штамми бошқаларга қараганда тезроқ тарқалиш имкониятига эга.

×