Айтганча, мавзу очилганда яна бир нарсани эслатиб ўтишимиз зарур. Халқ буни билиши керак.
Кўпчилик тонировка ҳақида гап кетганда «давлат бюджети» деган жумлаларни ишлатмоқда. «Давлат бунча фойда қилмоқчи, бюджетга бунча пул туширмоқчи» деган фикрларни ўқиб, аслида тонировкадан тушган пуллар нимага сарфланиши ҳақида маълумот беришни жоиз деб билдим.
Вазирлар Маҳкамасининг 18.07.2018 йилдаги қарорининг 2-бандида тонировкадан тушган пуллар қаерга сарфланиши аниқ кўрсатилган. Демак, тушган маблағлар қуйидагиларга мақсадли йўналтирилади:
- Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантиришга ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига;
- ДЙҲХХ моддий-техника базасини ривожлантиришга;
- ДЙҲХХ ходимларини ижтимоий рағбатлантиришга;
- кейинчалик «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлар кўрсатиш маркази» ДУКнинг тонировка қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплашга.
Шунингдек, қарор ижросини таъминлаш мақсадида ИИВ тонировкага рухсатнома бериш ва тонировка қилишдан тушадиган маблағларни ҳисобга ўтказиш учун вазирликнинг Махсус жамғармасида алоҳида банк ҳисоб рақамини очган.
Кўриб турганингиздек, тонировкадан тушган пулларнинг бир тийини ҳам давлат бюджетига ўтказилмайди. Демакки, тонировканинг пулларидан мактаблар қурилмайди, шаҳарлар обод бўлмайди, «Обод қишлоқ» ёки «Обод маҳалла» лойиҳаларига сарфланмайди, ўқитувчи ёки шифокорларнинг маоши ёки кексаларимизнинг пенсиялари оширилмайди ва ҳ.к.
Умуман бу пуллар давлат бюджетиники – оддий халқники эмас. Тушган пуллар фақат ва фақат ички ишлар органларининг махсус жамғармасига тушади, тизимни ривожлантириш учун сарфланади, ИИО ходимларининг ойлигини оширишга ишлатилади.
Ҳа, тўғри, улар ҳам бизнинг ота-оналаримиз, акаларимиз ва опаларимиз – шу халқимизнинг ажралмас бир бўлаги. Марслик эмас, биз учун бегона эмас.
Лекин ҳисобимга пул тушар экан, ойлигимиз ошар экан деб, мантиқсиз ва кулгили тақиқлар қўйиш ортидан жазирамада жизғанак бўлаётган миллионлаб одамлар ҳам шу халқ вакили эканлигини унутмайлик.
Ички ишлар вазирлиги масъуллари ушбу постимга эътироз билдиришлари мумкин, «Уялмайсанми, нега ички ишлар ходимларининг моддий аҳволини ўйламайсан, биз ҳам халқмизку» дея. Лекин кечирасизлару, тонировкадан тушум камайиб кетмаслиги учун тонировка ва пардага жаримани 200 минг сўмдан 5 млн сўмга (25 баравар!) кўтаришни таклиф қилаётганда Сизлар нима учун халқни ўйламадингиз?! Фақат ўзингизга тушадиган пулларни ўйлаб, оддий халқни ўйламаганлар уялиши керак эмасми аслида?
Берилаётган таклифларга эътибор берсак, ҳеч ким текин тонировка сўрамаяпти (бу бефойдалигини тушуниб етдик). Шу нарх ўлгурни 18-20 млн сўм қилмасдан, йилига 2 минималка (446 минг сўм) қилиб қўйган тақдирда ҳам, ички ишларнинг Махсус жамғармасига ҳозиргидан кўпроқ пул тушиши, уларнинг мукофотларию, устама пуллари ҳозиргидан ҳам кўпроқ ошиши мумкинлигини айтяпмиз.
Шуни тушуниш наҳотки қийин бўлса?
Қиссадан ҳисса шуки, тонировкани давлат ёки ҳукумат ўзига пул топиш учун ўйлаб топган, деган гаплар унчалик ҳам тўғри эмас, пуллар давлат бюджетига тушмайди. Барчаси Ички ишлар вазиригининг (қарорда айтилишича Молия вазирлигининг ҳам) ташаббуси, пуллар ҳам вазирликка ўтади. Фақат нима учундир ҳукумат шуни тасдиқлаб берган холос.
Тасодифий хабарлар
Қозоғистон Путиннинг Украинага қарши урушиш илтимосини рад этган – ОАВ
Косонсой тумани ҳокими президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинланди.
Ўзбекистон юк автомобиллари импортини оширди
Telegram Россияда оммабоплиги бўйича WhatsAppни ортда қолдирди
Тарихда биринчи марта Россия Халқаро судга киритилмади