Саудия Арабистони Макка яқинида ҳусийлар дронини уриб туширди

Саудия Арабистони Макка яқинида ҳусийлар дронини уриб туширди

Саудия Арабистони ҳаво мудофааси Макка шаҳрига яқин ҳудудда ҳусийларга тегишли дронни шаҳар устидан парвоз қилиш тақиқланган ҳудудга киришидан олдин уриб туширди. Бу ҳақда Саудия бошчилигидаги Ямандаги ҳарбий коалиция вакили хабар берди.

Маълум қилинишича, дрон кеча, 15 сентябрь куни кечқурун тутиб қолинган. Коалиция вакили Туркий ал-Моликийнинг баёнотига кўра, бу ҳусийларнинг Маккани нишонга олишга бўлган иккинчи уриниши бўлган.

Унинг таъкидлашича, аввалги шундай уриниш 2017 йил июлида баллистик ракета учирилиши билан амалга оширилган. Бу воқеа Эрон билан иттифоқчи ҳусий жангарилари Саудия Арабистонига қарши бир ҳафта давомида ҳужумларни кучайтирган ва мамлакатни Яқин Шарқдаги урушга янада чуқурроқ жалб қилган пайтга тўғри келмоқда.


Макка шаҳрида Ислом динидаги энг муқаддас масканларнинг айримлари жойлашган бўлиб, ҳар йили ўтказиладиган ҳаж зиёратининг асосий маркази ҳисобланади. Ал-Моликий шаҳар хавфсизлиги “қизил чизиқда” эканини билдирган.

Ҳусийлар эса Маккани нишонга олганини рад этган.

Саудия Арабистонига қилинган ҳужумлар олти ойдан бери давом этаётган АҚШ – Эрон уруши сабаб жиддий ўзгаришларга юз тутган глобал энергетика бозорларига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Уруш туфайли Ҳормуз бўғози орқали кемалар қатнови кескин қисқарган.

Сўнгги кунларда ҳусийлар Яманнинг Қизил денгиз соҳилидаги Боб ал-Мандаб бўғозига қараган ҳудудларнинг бир қисмини назоратга олган. Бу дунёдаги энг муҳим денгиз йўлакларидан бири бўлиб, Ҳормуз бўғози орқали ташишлар издан чиққан шароитда Саудия нефтини экспорт қилиш учун муқобил йўналишга таҳдид солмоқда.

Саудия Арабистони 15 сентябрь куни Макка бўйича хавфсизлик огоҳлантиришларини эълон қилди. Бироқ ҳусийлар сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад ал-Фараҳ гуруҳ шаҳарни нишонга олмаганини айтган ва бу даъвони очиқ-ойдин ёлғон деб атаган. Унинг сўзлари ҳусийлар назоратидаги “SABA” ахборот агентлигида келтирилган.

Маълумот учун, Саудия Арабистони 2015 йилдан бери ҳусийларга қарши курашаётган коалицияга бошчилик қилади. Сўнгги йилларда ўт очишни тўхтатиш келишуви туфайли можаро асосан тинчиб турган эди, аммо ҳусийлар шу ойда Яман ҳукуматига содиқ кучларга қарши ҳужумни кучайтиргач, жанглар яна авж олди.

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ўтган ҳафта АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатлашиб, ҳарбий ёрдам сўраганди. Ҳозирча АҚШнинг ёрдами разведка маълумотларини тақдим этиш билан чекланган.


Теглар:
×