Ўзбекистонда “Барселона” академияси очилиши мумкин

Ўзбекистонда “Барселона” академияси очилиши мумкин

Ўзбекистонда Испаниянинг “Барселона” футбол клубига тегишли бўлган лойиҳа доирасида “Barca academy” академияси ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда Спорт вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 14 июль куни Спорт вазири Адҳам Икрамов бошчилигида Zoom платформаси орқали “Барселона” клуби вакиллари билан онлайн учрашув бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, “Барселона” клуби ижроия жамоаси аъзоси Сесар Мартинес ҳамда клубнинг билимлар, илмий тадқиқотлар ва инновациялар платформаси – Barca Innovation Hub бош директори Алберт Мундет иштирок этган. 

Мулоқот давомида Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, ёш футболчиларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ҳамда замонавий футбол методологиясини жорий этиш мақсадида “Барселона” клубининг расмий халқаро футбол академияси – “Barca Academy” лойиҳасини Ўзбекистонда амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинган. 

Томонлар “Barca Academy” фаолияти, унинг машҳур La Masia академияси методологиясига асосланган таълим тизими, мураббийлар малакасини ошириш, замонавий футбол фалсафасини жорий этиш ва иқтидорли футболчиларни саралаш борасидаги тажрибаси юзасидан фикр алмашган. 

Шунингдек, Марказий Осиёдаги илк расмий “Barсa Academy” 2023 йилда Қирғиз Республикасининг Жалолобод шаҳрида иш бошлагани, айни пайтда Бишкек шаҳрида иккинчи академияни ташкил этиш ишлари олиб борилаётгани ҳам қайд этилган. 

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда “Barсa Academy” лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини биргаликда ўрганиш, болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, маҳаллий мураббийлар малакасини ошириш ҳамда футбол соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилган.


Теглар:
×