Фаластин Бош вазири этиб тайинланган Муҳаммад Мустафо қасамёд қилди. Бу ҳақда Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги хабар берди.
Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Вазирлар Маҳкамасининг биринчи йиғилишига раислик қилди. Унинг таъкидлашича, янги ҳукуматнинг масъулияти босиб олинган Ғарбий Соҳил, шунингдек, Шарқий Қуддус ва Ғазо секторига ҳам тегишли. Унга кўра, ҳукумат ўз вазифаларини қонун доирасида амалга ошириш учун барча ваколатларга эга. Президент ҳукумат кенг кўламли институционал ислоҳотлар ўтказиш ва барча фаластинликларга сифатли хизмат кўрсатиш ниятида эканини таъкидлади.
“Биз Ғазо секторида гуманитар ёрдам кўрсатиш, Ғазо ва Ғарбий Соҳилни реконструкция қилиш, Фаластин иқтисодиётини жонлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни максимал даражада оширишга ҳаракат қиламиз. Бизнинг сиёсий мақсадимиз озодлик, мустақилликка эришиш ва ишғолдан халос бўлишдир. Шу билан бирга, Фаластин давлатини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзолигига айлантириш учун тегишли араб ва халқаро томонлар билан ҳамкорлик қиламиз”, дейди Аббос.
У Фаластин маъмурияти Фаластин ҳудудларини бирлаштириш ва миллий ярашувга эришиш йўлида фаолият юритишда давом этишини айтиб, янги ҳукумат Фаластиннинг барча ҳудудларида, хусусан, босиб олинган Шарқий Қуддусда умумий ва президентлик сайловларини ташкил этишга тайёргарлик кўриши кераклигини таъкидлади.
Маълумот учун, Фаластин маъмурияти 2021 йилда умумий сайловлар ўтказилишини эълон қилди, бироқ Исроил босиб олинган Шарқий Қуддусда сайлов ўтказишга рухсат бермагани учун сайловлар бекор қилинди. Фаластинда охирги умумий сайловлар 2006 йилда бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари оқибатида юзага келган гуманитар фалокатдан сўнг, 26 февраль куни Фаластиннинг собиқ бош вазири Муҳаммад Штайе 2019 йилдан бери эгаллаб турган лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилганди. 14 мартда Фаластин Президенти Аббос янги ҳукуматни шакллантириш учун Фаластин миллий жамғармаси директори Муҳаммад Мустафони тайинлади. Бош вазир Мустафо 28 март куни янги вазирлар маҳкамаси таркибини Аббосга тақдим этди. Аббос Президент фармони билан ҳукуматга ишонч вотумини эълон қилди.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда янгиланган пуллар муомалага чиқарилади
Кундузи қурувчи, тунда ижодкор
Навоийда 38 ёшли аёл қизи билан бирга бошқа бир фуқаронинг устига қизиган ёғни сепиб юборди. Кейин эса дўппослашди
Ўзбекистонда уйлар нархи ошмоқда
Савол: никоҳдан аввал йигит ва қиз гаплашиб юрса бўладими?