Ишсизлик нафақаси ҳақида
Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган, қонуний тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахсларга ишсизлик нафақаси тайинланади. Бу турдаги моддий ёрдам пуллари тўлови Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. Ишсизлик нафақасига солиқ солинмайди.
Мазкур нафақа ишсиз деб тан олинган шахс маҳаллий меҳнат органида иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган кундан бошлаб ҳисобланади ва тўланади. Ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида берилади.
Қонунга кўра, ишсиз шахс нафақа олиш даврида иш қидириши шарт. У ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш бўйича йўлланма олиш учун бир ойда камида икки марта маҳаллий меҳнат органига мурожаат қилади.
Ишсизлик нафақаси ишсиз шахснинг аввалги иш жойидаги охирги бир йиллик ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоизда белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан фоизда ҳисобланади.
Ишсизлик нафақаси тўлаш қай ҳолларда тўхтатилади?
Ишсиз шахсга берилаётган ишсизлик нафақасини тўлаш қуйидаги ҳолларда тугатилади:
- фуқаро ишга жойлашса ёки ўзини ўзи банд қилганда;
- мақбул ишга доир иккита таклифни рад этганда;
- нафақани алдов йўли билан олганда;
- микрокредит жалб қилганда, тадбиркорлик ёки шахсий томорқа учун субсидиялар олганда;
- пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганда,
- суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазога ҳукм қилинганда.
Ишсиз шахс маҳаллий меҳнат органига, ишга жойлаштиришга доир йўлланма ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома олиш учун узрли сабабларсиз келмаган тақдирда ҳам ишсизлик нафақасини тўлаш муддатидан олдин тугатилиши мумкин.
Ишсизлик нафақасини тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:
- ишсиз шахс касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилганда — стипендия тўланган ҳолда касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида;
- ишсиз шахс ихтисослаштирилган даволаш–профилактика муассасасида даволаш курсидан ўтганда — бундай муассасада бўлиш даврида;
- ишсиз шахс ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этаётганда — бундай ишларда иштирок этиш даврида.
Шу билан бирга, ишсизлик нафақасини тўлаш ишсиз шахс белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра маҳаллий меҳнат органига келмаган тақдирда уч ойгача тўхтатиб турилиши мумкин.
Ишсизлик нафақаси миқдорлари
Ишсизлик нафақаси ишсиз шахс ҳолатига қараб, турли миқдорларда тўланади. Хусусан, ишдан ва иш ҳақидан сўнгги 12 ой ичида маҳрум бўлганлар аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида нафақа олиши мумкин. Бунда нафақа меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (1 миллион 50 минг сўм) кам ёки Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақидан (5 миллион 92 минг сўм) ортиқ бўлмайди.
Ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган ҳамда бир йилдан ортиқ танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида (1 миллион 50 минг сўм) нафақа олади.
Илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида 75 фоизи миқдорида ишсизлик нафақаси тайинланади.
Қонунчиликка мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ошганда ишсизлик нафақасининг миқдори ошириш коэффициентига тенг миқдорда кўпаяди.
Бандлик масаласи
Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича 223 656 нафар фуқаро Бандлик вазирлиги ёрдамида ишли бўлган. Хусусан, январь–июнь ойларида хорижда ишлаш истагидаги 64 минг киши чет давлатларга ташкилий ишга жойлаштирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 бараварга кўп дегани.
Йил бошидан бери мамлакатда ишсиз деб эътироф этилган ва ишсизлик нафақаси тайинланганлар сони 7 060 нафарни ташкил этган.
Бандлик вазирлиги хабарига кўра, ҳозирда меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 2024 йил йил бошидаги 6,8 фоиздан 5,9 фоизга камайган. Маълумот учун, жорий йил 1 июль ҳолатига мамлакат доимий аҳолиси 37 миллион 134 минг кишини ташкил этган. Жами аҳолининг 56,4 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдаги одамлар ҳисобланади.
Тасодифий хабарлар
Сайлов натижалари эълон қилинди: ғолиб партия маълум бўлди
11 декабрь куни Тошкентдаги биринчи Магнум гипермаркети очилади
Жанубий Корея ҳам Telegram’га қарши даъво қилмоқда
Одил Аҳмедовнинг жамоаси инқирозга учради. У ўзбек клубига қайтадими?
Самарқандда 36 ёшли эр хотинини ёқиб юборди (ВИДЕО)