Собиқ молия вазири замбилда судга олиб борилди

Собиқ молия вазири замбилда судга олиб борилди

Арманистоннинг собиқ молия вазири ва Давлат даромад қўмитасининг собиқ раҳбари Гагик Хачатрян пора олиш ҳамда жуда катта миқдорда пул ювишда гумонланиб, икки ойга қамоққа олинди. Бу ҳақда “Report.az” хабар берди.



Қайд этилишича, Арманистон Коррупцияга қарши курашиш суди судьяси Арам Григорян Хачатрянни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган. Суд мажлиси кеча, 1 сентябрь куни бошланган ва бугун, 2 сентябрь тонгигача давом этган.

Хачатрян бир кун аввал қўлга олинган. Саломатлигидаги муаммолар сабабли у судга замбилда олиб борилган.

Маълумотларга кўра, унга нисбатан пора олиш ва катта миқдорда пул ювиш бўйича жиноий иш очилган. Тергов доирасида Хачатрян ва унинг ўғлига тегишли хонадонлар, шунингдек, улар билан боғлиқ 21 га яқин компаниянинг офислари ва филиалларида тинтув ўтказилган.

Гагик Хачатрян 2008 йил 20 августдан 2014 йил 26 апрелгача Арманистон Давлат даромад қўмитасига раҳбарлик қилган. 2014–2016 йилларда эса мамлакат молия вазири лавозимида ишлаган.


×