Қирғизистонда ҳам Starlink интернети ишга тушади

Қирғизистонда ҳам Starlink интернети ишга тушади

14 апрель куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев SpaceX компаниясининг Starlink йўналиши бўйича катта директори Райан Гуднайт билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.


Қайд этилишича, учрашув Вашингтонда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки гуруҳининг баҳорги йиғилишлари доирасида бўлиб ўтган. Томонлар Қирғизистонда сунъий йўлдош интернетини ишга тушириш бўйича тизимли ишларнинг якунларини ҳамда пилот лойиҳани бошлаш учун зарур бўлган барча рухсатномаларни бериш жараёни якунланганини сарҳисоб қилган.

“Асосий эътибор яқин вақт ичида амалга оширилиши режалаштирилган сервиснинг техник ишга туширилишига қаратилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, томонлар сунъий йўлдош интернетининг жорий этилишидан кутилаётган муҳим ижтимоий самарани муҳокама қилган: чекка ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари аҳолиси учун юқори тезликдаги алоқа имкониятини яратиш, шунингдек, мактаблар, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектларни рақамли ресурсларга улаш.

“Пилот лойиҳа очиқлик ва тенг шароитлар тамойиллари асосида амалга оширилади. Унда сунъий йўлдош интернети хизматларини кўрсатувчи барча компаниялар, белгиланган талабларга тўлиқ жавоб берган тақдирда иштирок этишлари мумкин”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Starlink – бу Starlink Services LLC томонидан бошқариладиган сунъий йўлдош интернет тизими бўлиб, у халқаро телекоммуникация провайдери ҳисобланади ва Американинг аэрокосмик компанияси Илон Маскнинг SpaceX компаниясининг тўлиқ шўъба корхонаси ҳисобланади. У ҳозирда тахминан 130 мамлакат ва ҳудудни қамраб олади. 


Теглар:
×