Озарбайжонда ҳам ўқувчилар бош кўтарди: 37 киши ҳибсга олинди

Озарбайжонда ҳам ўқувчилар бош кўтарди: 37 киши ҳибсга олинди

Озарбайжон пойтахти Бакуда мактабларда ҳижоб кийишни тақиқловчи янги қоидалар ортидан норозилик намойишлари бошланди. Намойишлар ортидан 37 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Azerbaijan Press“ хабар берди

Нашрнинг ёзишича, Бакунинг Гарадоғ туманида мактаб директорларидан бирининг автомобилига ўт қўйилган. Ясамал туманида эса мактаблардан бирига ўт қўйишга уриниш бўлган. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳеч ким жабрланмаган.

Воқеалар юзасидан Озарбайжон Жиноят кодексининг жамоат тартибини бузишга олиб келадиган ҳаракатларни ташкил этиш ёки уларда фаол қатнашиш билан боғлиқ моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда бўйича уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.



Норозиликлар фонида мамлакатда TikTok ва Instagram фаолиятида ҳам узилишлар кузатилган. Бироқ интернетдаги узилишлар ҳақидаги хабарлар тармоқдаги чекловларни кузатувчи “NetBlocks” ва “Open Observatory of Network Interference” ташкилотлари маълумотлари билан тасдиқланмаган.

Озарбайжон ҳукумати жорий йилнинг 21 сентябрь куни мактаб формасига оид янги қоидаларни тасдиқлаган. Унга кўра, таълимнинг дунёвий хусусиятига зид келадиган ва ягона мактаб формасига мос бўлмаган кийимларда дарсга бориш тақиқланган. Жорий йилнинг 6 октябридан бошлаб бу талаблар ўқитувчиларга ҳам татбиқ этилган.

Кеча, 12 октябрь куни мактабларда янги қоидаларга риоя этилиши текширила бошланган. APA агентлиги хабарига кўра, белгиланган талабларга мос кийинмаган ўқувчилар билан шифокорлар ва психологлар иштирокида суҳбатлар ўтказилган. Уларнинг ота-оналари ҳам мактабга чақирилиб, янги талаблар тушунтирилган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, Озарбайжоннинг камида иккита мактабида ўқувчилар янги чекловларга қарши дарсларни бойкот қилган. Ижтимоий тармоқларда ҳижоб сабаб мактабга киритилмаган ўқувчиларнинг ўқитувчиларини қучоқлаб, йиғлаётгани акс этган видеолар ҳам тарқалган.

Маълумотларга кўра, Озарбайжон аҳолисининг қарийб 96 фоизи ўзини мусулмон деб ҳисоблайди. Мамлакат Конституциясида Озарбайжон дунёвий давлат сифатида белгиланган, шу билан бирга, диний эркинлик ҳам кафолатланган.

Озарбайжон ҳукумати диний кийимларга қўйилган чекловни ўқувчилар ўртасида тенгликни таъминлаш билан изоҳламоқда. Парламент депутати Севинч Фаталиеванинг айтишича, ягона мактаб формаси болалар ўртасидаги ижтимоий ва диний фарқларни камайтиришга хизмат қилади.

“Бу талабларни кимнингдир диний эътиқодига қарши кураш деб эмас, балки бетараф таълим муҳитини ҳимоя қилиш деб тушуниш керак. Бундай муҳитда болалар диний эътиқоди, моддий аҳволи ёки қайсидир гуруҳга мансублигига қараб ажратилмайди. Ўқитувчи қаршисида шунчаки ўқувчи туради”, деган депутат.


Теглар:
×