Ўзбекнефтгаз” кейинги йилдан еврооблигацияларни чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбар ходимлари иштирокида брифинг ва журналистлар билан мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унда “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефт-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 9 июлдаги президент Қарори моҳияти ва ижроси юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқов мазкур қарор қабул қилиниши тарихий воқеа эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш бутун нефть-газ соҳасини ривожлантиришнинг янги йўналишларини бошлаб бериши, келгусида тармоқ қиёфасини тубдан ўзгартириб юборишини таъкидлади.
“Асосий йўналишларимиздан бири - бу бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз”нинг очиқ ва шаффоф молиявий тизимини яратиб, уни жаҳон бозорига олиб чиқиш. Кейинги йилдан еврооблигацияларни чиқаришни ўзимизнинг олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз”, - деди Баҳодир Сидиқов.
Сидиқов еврооблигацияларнинг фойдали тарафи фоиз ставкалар оддий кредитга қараганда анча паст эканини таъкидлади.
У ҳозирги қабул қилинган қарорни амалга татбиқ этилиши инвесторларга кўрсатиб берилса, бу фоиз ставкалар бундан ҳам паст бўлиши, инвесторлар “Ўзбекнефтгаз”нинг молиявий ҳолатини яхшиланишини кўра билишини қўшимча қилди.
“Бунинг ҳисобига узоқ муддатли ва кам фоизли молиявий маблағларни жалб этиш имконини беради. Бу ишлаб чиқариш ҳажмларимизнинг ошишига бевосита таъсир қилади”, - деди "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раиси.
Эслатиб ўтамиз, президент имзолаган қарорга кўра, “Ўзбурғунефтгаз”, “Ўзнефтгазқазиболиш”, “Ўзнефтмаҳсулот” ва “Ўзнефтгазмаш” корхоналари “Ўзбекнефтгаз” таркибига киритилади ва шундай йўл билан холдинг бошқаришда ортиқча оралиқ бўғимлар йўқотилади. Нефть қазиб олиш ва газни қайта ишлаш корхоналари ҳам “Ўзбекнефтгаз” таркибига киритилади.
“Ўзтрансгаз” эса “Ўзбекнефтгаз” таркибидан чиқарилиши билан бирга қазиб олувчи ташкилотлардан газ харид қилувчи экспорт қилувчи ва аҳолига етказиб берувчи ягона ташкилотга айланади. Ҳудудларга газ етказиб бериш билан янги ташкил этилаётган “Ҳудудгазтаъминот” АЖ шуғулланади.
Тасодифий хабарлар
Прокурор нима учун сайёр қабул ўтказди.?
26 ёшли Умиджон аёллар мардикор бозорини йўқ қилмоқчи
Лондонга учаётган самолёт йўловчи аёлнинг ўлими туфайли Тошкентга фавқулодда қўнди
Фарғонада ўсмир йигит 5 ёшли болани отиб қўйди
ДТМ ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратга муносабат билдирди