Хитойда безгак тарқалди. Бу Ўзбекистон учун хавфлими?

Хитойда безгак тарқалди. Бу Ўзбекистон учун хавфлими?

Сўнгги бир ҳафта ичида Хитойнинг Гуандун провинциясида деярли 4 мингта янги чикунгуня безгаги ҳолати қайд этилди. Мамлакат ҳукумати оғир ҳолатлар ёки ўлим ҳолатлари ҳозирча қайд этилмаганини маълум қилди. Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳам мазкур ҳолат бўйича маълумот берди. 

Билдирилишича, Хитойда тарқалган чикунгуня безгаги Ўзбекистонга хавф солмайди. Ушбу касалликни тарқатувчи Aedes aegypti ёки Aedes albopictus чивинлари Ўзбекистон табиатида учрамайди.

“Санэпидқўмита томонидан мамлакатда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, чикунгуня – бу чикунгуня вируси сабабли келиб чиқадиган касаллик бўлиб, у одамга чивин чақиши орқали юқади. Вирус юққанидан кейин 3-7 кун ўтиб аломатлар пайдо бўлади. Энг кенг тарқалган белгилари – иситма ва бўғимлардаги оғриқлар, шунингдек, бош оғриғи, мушак оғриғи, бўғимларнинг шишиши ёки тошмалар ҳам кузатилиши мумкин.

Касалликнинг оғирроқ ривожланиши хавфи юқори бўлган шахслар – бу янги туғилган чақалоқлар (туғилиш вақтида вирус юққан), 65 ёшдан ошганлар ва юрак, қон босими ёки диабет каби хасталиклари бор одамлар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий сайтида қайд этилишича, чикунгуня вируси Африкада, Осиёда ва Америка мамлакатларида чивинлар орқали одамга юқади. Айрим бошқа ҳудудларда ҳам спорадик (вақти-вақти билан) эпидемиялар қайд этилган. Чикунгуняга қарши тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш усули ҳозирча мавжуд эмас.

Юқумли касалликлар профилактикаси бўйича хитойлик мутахассислар касаллик тарқалишининг сабабларидан бири сифатида ёмғир мавсумини кўрсатишмоқда. Бу даврда касаллик ташувчи чивинлар сони кўпаяди. Эпидемиянинг кенг миқёсда тарқалишининг олди олинган бўлса-да, шифокорлар профилактика чоралари зарурлигини таъкидламоқда. Бунга кўлмак сувларни тозалаш, чивинларни йўқ қилиш ва уларнинг чақишидан сақланиш киради.

Шу билан бирга, Хитой нашрларининг ёзишича, мамлакат олимлари чикунгуня ташувчи чивинларни еб қўядиган йирик турдаги чивин личинкаларини тарқатишни бошлаган.


Теглар:
×