Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ҳар йилги инфляция даражасидан юқори миқдорларда ошириб борилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган 2026-2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегияда маълум қилинган.
Стратегияга кўра, 2028 йилгача бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини йиллик инфляция даражасидан юқори даражада ошириш режалаштирилмоқда. Бу чора-тадбирлар “аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, фуқароларнинг реал даромадлари ўсишини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш” мақсадига қаратилган.
Ўтган йили эълон қилинган 2025-2027 йилларга мўлжалланган фискал стратегияда эса ижтимоий тўловларни инфляциядан кам бўлмаган миқдорда индексация қилиш назарда тутилган эди.
Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пенсия жамғармаси даромадлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий солиқдан имтиёзлар беришни қатъийлаштиришни режалаштирмоқда. Масалан, 2028 йилга қадар хизмат кўрсатиш соҳасида ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкаси — 1 фоиз миқдорда — амал қилади. Бу имтиёз фақат 30 ёшгача бўлган ва ойлик маоши 3 млн сўмдан юқори бўлган ходимларга тааллуқли.
Прогнозларга кўра, 2025 йилда Пенсия жамғармасига бюджетдан ажратиладиган трансфертлар ҳажми 20 трлн сўмдан ошиши кутилмоқда. 2028 йилга келиб ушбу сумма 26 трлн сўмга етади. Шу тариқа, 2023 йилга нисбатан трансфертлар деярли икки бараварга ошади.
Ҳисоб-китобларга кўра, бюджет ходимлари маошининг ҳар бир 1 фоизлик ошиши 2026 йилда давлат бюджетига 1,67 трлн сўмга тушади. Пенсияларни шунча миқдорга ошириш эса 861 млрд сўмни ташкил қилади. Агар ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 10% га кўпайса, бюджет харажатлари қарийб 1,6 трлн сўмга ортиши кутилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Наманганда Cobalt чуқурга тушиб кетиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлди
Йигити ташлаб кетган қиз ўзини ўлдирмоқчи бўлди
Бу йил Ўзбекистонда қайси автомобиль энг кўп сотилгани маълум қилинди
Наманган номи Guinness World Records расмий саҳифасида!
Ўқувчиларга бепул тушлик бериш учун пул ажратилади