2025 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат хизматчилари ўртасида мулоқотни кучайтиришни назарда тутувчи «Давлат хизматчиси» мобил иловаси ишга туширилади. Унда ходим тўғрисидаги маълумотлар, боғланиш учун телефон рақами, почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги ахборотларни назарда тутувчи маълумотлар базаси яратилади.
19 июнь куни «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Унга мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг ўз кўникмаларини доимий ривожлантириб бориши ҳамда улар ўртасида ўзаро мулоқотни кучайтириш бўйича қуйидаги имкониятларни назарда тутувчи «Давлат хизматчиси» мобил иловаси ишга туширилиши белгиланган:
- масофавий тарзда давлат хизматчиларининг компетенцияларини ривожлантириш ва малакасини ошириш ҳамда бу борада статистик маълумотларни шакллантириш;
- давлат хизматчилари томонидан давлат органи иш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ташаббуслар бериш ҳамда раҳбар томонидан уларга муносабат билдириш;
- давлат хизматчисининг шахсий ривожланиш режасини тузиш, унинг бажарилишини мониторинг қилиш;
- ходим тўғрисидаги маълумотлар, раҳбар ходимлар учун улар томонидан мувофиқлаштириладиган соҳа ва бўлинмалар, боғланиш учун телефон рақами, почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги ахборотларни назарда тутувчи маълумотлар базасини яратиш.
Шунингдек, БМТ томонидан 23 июнь куни – БМТнинг Давлат хизмати куни деб эълон қилинганлиги ҳамда ушбу кунда давлат хизмати аҳамиятини ёритишга оид махсус тадбирлар ташкил қилишга чақирилганлиги муносабати билан ҳар йили ҳар бир вазирлик ва идораларда давлат хизматчиларининг оила аъзолари учун «оила куни» тадбирлари (family day) ташкил этилади.
Фармонга кўра, давлат ташкилотидаги инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари (HR ходимлари) кадрлар сиёсати бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади. Улар давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ёки унинг филиаллари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Тасодифий хабарлар
АҚШ ва "Толибон" делегацияси Қатарда музокара ўтказди
Карор учун 150 минг доллар сўраган кадастр инспектори ушланди
Футбол тарихидаги энг яхши футболчилар эълон қилинди
Наманганлик журналист вафот этди
Энг кўп гўшт етиштирувчи вилоят номи аниқланди