Ҳиндистон талабаларига Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳида ўқишни тақиқлади

Ҳиндистон талабаларига Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳида ўқишни тақиқлади

Ҳиндистон Миллий тиббиёт комиссияси (NMC) тиббиёт соҳасида ўқишни истаган абитуриентларга Марказий Америкадаги учта ва Ўзбекистоннинг битта тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирмаслик бўйича қатъий огоҳлантириш берди. Бу ҳақда “The New Indian Express” хабар берди.

Баёнотда айтилишича, ушбу огоҳлантиришга амал қилмаган талабалар Ҳиндистонда тиббиёт амалиётини олиб боролмайди.

Огоҳлантиришда тилга олинган тиббиёт муассасалари қуйидагилар:

  • Central American Health and Sciences University, Белиз
  • Columbus Central University, Белиз
  • Washington University of Health and Sciences, Белиз
  • Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиали, Ўзбекистон

Бу огоҳлантириш Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг Евросиё бўлими томонидан билдирилган жиддий хавотирлар ортидан берилган. Уларнинг маълумотига кўра, бу муассасалар Ҳиндистоннинг тиббий таълим бўйича белгиланган стандартларига жавоб бермайди.

“Чет элдаги ҳар қандай тиббиёт университетига ўқишга киришдан аввал абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари огоҳлантиришни синчковлик билан ўқиб чиқишлари лозим” дейилади баёнотда. 

Бу ҳужжатда тан олинган олийгоҳлар, рўйхатдан ўтиш шартлари ва бошқа муҳим мезонлар ҳақида батафсил маълумот берилган.

Қайд этилишича, ўқиш тақиқланган университетларда зарур инфратузилма мавжуд эмас, таълим сифати паст, клиник-амалиёт етарли даражада ташкил этилмаган, айрим ҳолларда ҳиндистонлик талабалар тазйиққа учраган, шунингдек, ортиқча тўлов ундириш ва курсдан чиқишда тўловни қайтармаслик ҳолатлари аниқланган.

Шу боис, NMC талабаларни бу муассасаларга ўқишга киришдан қатъиян тийилишга чақирган.


×