Ёзнинг иссиқ кунларида қуёш нури орқали келиб чиқадиган фотодерматоз касаллигига чалинмаслик учун имкон қадар ёпиқроқ кийиниш, соат 10:00 дан 16:00 гача соя-салқин жойларда бўлиш керак. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Элмира Розиқова маълум қилди.
Мутахассисга кўра, иссиқ кунларда терининг қуёш нурига таъсирчанлиги ошади. Шу туфайли фотодерматоз касаллиги юзага келиши мумкин. Яъни ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришиб, аллергик реакция пайдо қилиши эҳтимоли юқори.
Розиқовага кўра, фотодерматоз кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ, куйиш кўринишидаги турли тошмалар, баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар юзага келиши билан намоён бўлади. Тошмалар қуёш нури таъсир қила бошлаган илк соатлардан то бир ҳафта мобайнида ҳосил бўлади. Бу хасталик аломатлари одатда муолажалардан сўнг йўқолади. Бироқ у сурункали тус олиши ҳам мумкин.
“Шундай муаммолардан сақланиш учун, аввало, соат 10:00 дан 16:00 гача соя-салқин жойларда бўлиш тавсия этилади. Имкон қадар ёпиқроқ кийиниш зарур. Таъсирчан тери учун мўлжалланган қуёш нурига қарши кремлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ”, дейди мутахассис.
Унинг қўшимча қилишича, баъзи дорилар фотодерматозни келтириб чиқариши ёки хасталикни кучайтириши кузатилади. Шу боис препаратни қўллашдан олдин кўрсатмаларни диққат билан ўқиш ёки шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
Шунингдек, Эритромицин, Тетрациклин ва Стрептомицин каби дорилар ультрафинафша нурларини тортиш хусусиятига эга. Ушбу малҳамларни қабул қилган ёки юз соҳаларига суртган беморларга иссиқ кунларда кундузи кўчага чиқишлари тавсия этилмайди.
“Агар сизда фотодерматоз белгилари пайдо бўлса, Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиалларига мурожаат қилишингиз мумкин”, дея қўшимча қилган Элмира Розиқова.
Маълумот учун, бугун, 23 июль куни Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 24-26 даража, кундузи 38-40 даража иссиқ бўлади.
Тасодифий хабарлар
Apple ўзи бошқариладиган автомобиль ишлаб чиқаради
Ўзбекистонга дам олиш кунлари нам ва салқин ҳаво кириб келади
Президент «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида фармон имзолади
АҚШ Россияга алоқадор ташкилот ва жисмоний шахсларга чекловлар жорий қилди
Палов харажатининг ҳудудлар кесимидаги нархи эълон қилинди