Ҳисоб-китобларга кўра, Украинадаги урушда Россия томонида жанг қилган камида 3 589 нафар хорижлик ҳалок бўлган. Шулардан 229 нафари Ўзбекистон фуқаролари. Бу ҳақда BBC ва “Медиазона” эълон қилган суриштирув материалида сўз боради.
Қайд этилишича, кўнгиллилар жамоаси билан биргаликда юритилаётган ҳалок бўлганларнинг рўйхатида ҳозирда Россия армиясининг 233 033 нафар ҳарбий хизматчисининг исми мавжуд. Улардан 1 285 нафари хорижий давлатлар фуқаролари бўлиб, уларнинг ўлимини очиқ манбалар: ҳукуматлар баёнотлари, қариндошларнинг ижтимоий тармоқлардаги постлари ёки қабрлар ва ҳарбий мемориалларнинг фотосуратлари асосида тасдиқлашга муваффақ бўлинди.
Яна 2304 нафар Шимолий Корея аскари 2024 йил август ойида Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятига уюштирган ҳужуми пайтида Россия томонида жанг қилиб ҳалок бўлган. Уларнинг маълумотларини BBC Корея хизмати Пхеньяндаги ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган янги ҳарбий мемориалнинг расмий фотосуратлари ва сунъий йўлдош тасвирларини ўрганиб чиқиб аниқлаган.
Қайд этилишича, Украинада Россия томонида жанг қилган хориж фуқаролари талафотининг ҳақиқий рақамлари бундан анча юқори. Ушбу исмлар рўйхатини тузишда Украина томонининг маълумотларидан ва Ғарб разведкасининг нашрларидан фойдаланилмаган. Россия томонида жанг қилган хорижликларнинг умумий сони (тирик қолганларни ҳам ҳисобга олганда) бир неча баравар кўп.
НАТОдагиларнинг ҳисоблашича, Россия кучлари таркибида 44 та давлатдан тахминан 24 минг нафар хорижлик ёлланма аскар жанг қилмоқда. Бу ҳақда альянснинг юқори мартабали мулозими Анқарада бўлиб ўтган саммитда BBC’га маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, уларнинг аксарият қисмини Африка давлатларидан бўлганлар ташкил этади.
“Эҳтимол, юзлаб африкаликлар шартнома имзолаган. Кимдир ўз ихтиёри билан, кимдир эса мажбурлаш оқибатида”, дейди у.
Угандалик 45 ёшли Эдсон Камвесигие муқаддам нотинч ҳудудларда бир неча бор ишлаган. У 2000-йилларда Ироқ ва Афғонистонга соқчи бўлиб ишлаш учун борган, дея сўзлаб берган Эдсоннинг рафиқаси Каролина Микуза журналистларга. Бироқ у эрининг жанговар ҳаракатларда қатнашиш тажрибаси бўлмаганини алоҳида таъкидлаган.
“Uganda Radio Network” маълумотларига кўра, 2004 йилдан 2021 йилгача 30 мингдан ортиқ угандалик Ироқдаги Америка объектларида соқчи бўлиб ишлаган. Аммо 2021 йилда АҚШ қўшинлари Ироқ ва Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин хориждаги яхши ҳақ тўланадиган шартномалар тугаган ва Эдсон уйига қайтган.
Угандада Эдсон таксичилик қилган, деҳқончиликда ўз кучини синаб кўрган, бироқ топилган пул оиласи ва икки фарзандини боқишга зўрға етган.
2025 йил декабрь ойида Эдсон хотинига Россияга соқчи бўлиб ишлаш учун кетаётганини айтган. Аммо боргач, ҳаммаси бошқача бўлиб чиққан. Жорий йилнинг 16 январь куни Эдсон хотини билан боғланиб, фронт чизиғига кетаётганини маълум қилган.
“У ўзи учун дуо қилишни сўради, чунки ҳарбий тайёргарликдан ўтаётгани ва тез орада фронтга юборилишини айтди”, дейди Микуза Германиянинг “Taz” нашри журналистларига.
Орадан атиги бир ҳафта ўтиб, Эдсон Украинанинг Харьков вилояти Купянск туманида ҳалок бўлган.
Камвесигиенинг рафиқаси ҳали ҳам эрининг жасадини уйига қайтаришдан умид қилмоқда, бироқ расмий ҳукумат бу иш билан шуғулланишдан бош тортган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 2026 йил июнь ойига келиб, Россия кучлари томонида жанг қилиб, Украинада яна икки нафар Уганда фуқароси ҳалок бўлган. Уларнинг ҳам жасадларини уйга қайтаришнинг имкони бўлмаган. Ҳалок бўлганларнинг BBC’даги исмлар рўйхатида жами еттита Африка давлати фуқаролари бор.
2022 йил ўрталаридан 2023 йил охиригача Россия томонида жанг қилган хорижликларнинг асосий қисмини қамоқхоналардан фронтга жалб этилган маҳбуслар ташкил этган. Уларга 6 ёки 12 ойлик жанговар ҳаракатларда иштирок этиш эвазига қамоқдан озод этилиш таклиф қилинган. Аввалига бу билан “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК), кейинчалик эса Россия Мудофаа вазирлиги шуғулланган.
Ушбу схема, биринчи навбатда, собиқ СССР давлатлари фуқароларига, айниқса, Марказий Осиёдан бўлганларга дахл қилган. Масалан, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ҳалок бўлган фуқароларининг ярмидан кўпи Россиядаги озодликдан маҳрум қилиш жойларидан фронтга йўл олганлар.
Топ-3 Украинада Россия учун ҳалок бўлган МДҲ давлатлари фуқаролари:
- Ўзбекистон – 229 қурбон;
- Тожикистон –199 қурбон;
- Озарбайжон –108 қурбон.
Хорижликларни жалб қилишнинг шартли иккинчи босқичи 2024 йилдан 2025 йилнинг ўрталаригача бўлган даврга тўғри келган.
2024 йил бошида Россия расмийлари Мудофаа вазирлиги билан янги шартномалар имзолаганлик учун тўловларни сезиларли даражада оширган. Тахминан шу вақтда турли мамлакатлар: Куба, Непал, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Яман аҳолисини фаол жалб қилиш бошланган.
Кўпчилик айнан юқори маош билан қизиққан. Кимдир армияга боришини тушунган ҳолда ўз ихтиёри билан шартнома имзолаган. Бошқалар эса Россияга ўқиш ёки қурилишда ишлаш учун боряпман деб ўйлаган, якунда эса алдов йўли билан фронтга тушиб қолган.
Топ-3 Украинада Россия учун ҳалок бўлган бошқа хориж давлатлари фуқаролари:
- Шимолий Корея – 2304 қурбон;
- Непал – 72 қурбон;
- Куба –20 қурбон.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрига кўра, 2025 йилнинг ўрталаридан бошлаб собиқ СССР давлатларидан Россияга борган меҳнат мигрантларига нисбатан янги босим тўлқини кузатилмоқда. Уларга урушда қатнашиш эвазига, масалан, мамлакатга кириш тақиқини олиб ташлаш, тезлаштирилган тартибда фуқаролик бериш ёки депортация қилиш қарорини бекор қилиш ваъда қилинмоқда.
Адвокатлар мигрантларни таҳдидлар орқали Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурлашган кўплаб ҳолатларни қайд этган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари федерацияси ҳисоботи ва “Reuters” суриштирувида қайд этилишича, сўнгги вақтларда турмуш даражаси паст бўлган Африка мамлакатлари аҳолисини урушга жалб қилиш ҳаракатлари фаоллашган.
Ҳалок бўлган хорижликлар сони бўйича Шимолий Корея етакчилик қилмоқда. Бироқ бошқа барча хорижликлардан фарқли ўлароқ, улар урушда Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги расмий шартнома асосида очиқчасига қатнашган. Улар ҳақида маълумот кам.
BBC’нинг ҳалок бўлганлар рўйхатида, шунингдек, Россия тузилмалари таркибида фронтда ҳалок бўлган 25 нафар Украина фуқароси ҳам тилга олинган. Улар фақат кенг кўламли уруш бошланган пайтда Украина назорати остида бўлган ҳудудларда рўйхатдан ўтган (пропискада бўлган) шахсла.
Уларнинг аксарияти урушга ахлоқ тузатиш колонияларидан жалб қилинган. Россия томонида жанг қилаётган Қрим, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари аҳолиси алоҳида ҳисоблаб борилади, уларнинг йўқотишлари ушбу ҳисоботда акс эттирилмаган.
Шуни таъкидлаш жоизки, умумий манзарада хорижликлар ҳамон Россия томони йўқотишларининг кичик бир қисмини ташкил этади. Исмлари аниқланган 233 минг нафар ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлардан хориж давлатлари фуқаролари (Шимолий Корея ҳарбийларини ҳисобга олганда) 2 фоиздан камроқни ташкил қилади.
Шу тариқа, хориждан одам ёллаш Россия учун армияни тўлдиришнинг асосий манбаси бўлган ўз фуқаролари ўрнини боса олмайди. Бироқ катта йўқотишлар ва ўз ихтиёри билан шартнома имзолашга тайёр бўлган россияликлар сонининг борган сари камайиб бориши фонида фронтни ушлаб туриш учун Кремль, эҳтимол, аскар йиғишнинг бошқа усулларини излашига тўғри келади.
Тасодифий хабарлар
Эшитиб ёқа ушлайсиз! Мактаб директори Чироқчи туман Халқ таълими бўлими мудирининг «найранглари» ҳақида гапириб берди (видео)
Наманганда фуқароларни Россияга қалбаки ҳужжатлар орқали юбормоқчи бўлган фирибгарлар ушланди
Наманганда сохта "ИИБ ходими" жазоланди
В Казахстане вводится временное госрегулирование цен на бензин и дизель
Бу ҳазил эмас: Бугундан Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қила бошлайди