Хитойда қурилиш майдонидаги чангни бостириш учун ноодатий усул қўлланди

Хитойда қурилиш майдонидаги чангни бостириш учун ноодатий усул қўлланди

Атроф-муҳитга таъсир қиладиган шовқин ва чанг ифлосланишини камайтириш мақсадида Хитойнинг Цзинань шаҳри раҳбарияти инновацион қарор қабул қилди. Қурилиш ишлари улкан ҳаво билан тўлдирилган гумбаз остида олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Oddity Central” хабар берди.

Нашрга кўра, майдони 20 минг квадрат метрни ташкил этадиган бу иншоот дунёдаги энг катта ҳаво гумбази бўлган ва экологлар ҳамда қурилиш технологиялари мутахассисларининг эътиборини тортган. 50 метр баландликдаги конструкция катта қурилиш майдонини тўлиқ қамраб олиб, чанг ва шовқинга қарши самарали тўсиқ вазифасини бажармоқда. Ичкаридаги чанг ташқарига чиқмаслиги учун ҳаво филтрлаш тизими ва манфий босим технологияси қўлланилади. У ердан чиқаётган ҳаво тозаланган ҳолда ташқарига ўтади. Шу билан бирга, гумбаз ичидаги ишчилар етарли даражада тоза ҳаво билан таъминланмоқда.

Гумбазнинг яна бир муҳим хусусияти – қуёш нурларини ўтказадиган шаффоф қатлам. Бу кун давомида ёритиш учун электр энергияси сарфини сезиларли даражада камайтиришга имкон беради. Ичкарида юк кўтарувчи устунларнинг йўқлиги эса доимий ҳаво босими назорати орқали таъминланади ва бу қурилиш техникаси ҳамда ходимлар учун қулай муҳит яратади.

Гумбазнинг яна бир афзаллиги – унинг кўчирилувчанлигидир. Ишлар якунлангач, уни тезда ечиб, бошқа қурилиш майдонига кўчириш мумкин. Шаҳар маъмурияти вакилларининг таъкидлашича, ушбу лойиҳа экологик тоза ва барқарор шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенгроқ стратегиянинг бир қисми ҳисобланади.

Ушбу синов лойиҳасининг муваффақиятли амалга оширилиши Хитой бўйлаб шундай технологияларни кенг қўллашга туртки бўлиши мумкин. Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай технологиялар айниқса аҳолиси зич жойлашган ҳудудларда ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилаши мумкин, айниқса, қурилиш ишлари кўпинча жиддий экологик муаммоларга сабаб бўладиган жойларда.


Теглар:
×