Жорий йил бошидан буён Қозоғистоннинг бир неча вилоят марказлари ва йирик шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Қиска вақт ичида намойишлар жиддий тус олди. Бу воқеалар бутун дунёда резонанс уйғотди. Қўрқиб кетган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ – КХШТ)дан ёрдам сўради. Бунга жавобан ташкилот Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни киритди. Хўш, Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти қандай ташкилот, унинг вазифаси нималардан иборат?
КХШТнинг ташкил этилиши
Коллектив Хавфсизлик тўғрисидаги Шартнома (КХШ) “Тошкент пакти ёки Тошкент шартномаси” – аъзо давлатлар жойлашган минтақаларда тинчлик ва барқарорликни, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ушбу давлатлар мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини коллективлик асосида ҳимоя қилиш шиори билан СССР парчалангач, асосан Россиянинг ташаббускорлигида 1992 йил 15 май куни тузилган халқаро минтақавий ҳарбий-сиёсий ташкилот. Ташкилотнинг олий органи Коллектив хавфсизлик кенгаши саналиб, ушбу кенгаш ташкилотнинг Бош котибини тайинлайди.
Бу ташкилотга дастлаб Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Россия қўшилган. 1993 йилда Озарбайжон, Грузия ва Беларусь ташкилотга аъзо бўлган.
Коллектив Хавфсизлик ташкилоти шартномаси 1994 йил 20 апрелдан бошлаб кучга кирди. Имзоланган шартнома беш йилга мўлжалланган бўлиб, уни узайтириш ҳам мумкин эди. 1999 йилда Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон шартномани узайтиришдан бош тортди ва КХШТ аъзолигидан чиқди. Бироқ орадан яна 7 йил ўтиб, 2007 йил ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайлови олдидан 2006 йил Тошкент ташкилотга қайта қўшилди.
Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари
Коллектив Хавфсизлик шартномаси низомига кўра халқаро ва минтақавий хавфсизлик ҳамда осойишталикни, унга аъзо бўлган давлатларнинг мустақиллигини, ҳудудий дахлсизлиги ҳамда суверенитетини ҳимоя қилади. Расмий маълумотларга кўра, КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий иттифоқ сифатида ҳеч қачон ҳарбий амалиётларда қатнашмаган.
Шартномага аъзо бирор-бир давлат бошқа аъзо давлатга қарши қаратилган ҳарбий иттифоқлар ёки давлатлар туркумига аъзо бўлмайди ёхуд бундай мазмундаги бирон-бир тадбирда иштирок этмаслик мажбуриятини олган.
КХШТга аъзо давлатлар ўз манфаатларига дахл қилаётган халқаро хавфсизликка доир барча масалалар бўйича консультациялар олиб бориб, ўз позицияларини мувофиқлаштиради. Шартномага аъзо битта ёки бир нечта давлат хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига ёхуд халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинган ҳолларда, томонлар дарҳол ўз позицияларини мувофиқлаштириш ва юзага келган таҳдидни бартараф этиш мақсадида биргаликдаги консультациялар “механизми”ни ишга солишади.
Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар Коллектив хавфсизлик кенгашини тузишади. Ушбу Кенгаш Шартномага аъзо давлатлар раҳбарларидан ташкил топади.
Агар ташкилотга аъзо бирорта давлатга бирор-бир бошқа давлат томонидан тажовуз қилинса, бундай ҳаракат Шартномага аъзо барча давлатларга қарши уюштирилган тажовуз сифатида қабул қилинади. Шартномага аъзо давлатларнинг бирортасига тажовуз уюштирилган ҳолда барча бошқа аъзо давлатлар ушбу давлатга зарурий ёрдам, шу жумладан, ҳарбий ёрдам ҳам кўрсатади.
2005 йилдан бошлаб меҳрибон Россия ўзининг ҳарбий таълим муассасаларида КХШТ мамлакатлари учун бепул кадрлар тайёрлашни бошлади. Маълумотларга кўра, 2010 йилда Россия Федерациясида Қозоғистон, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан 2,5 мингга яқин ҳарбий хизматчи таҳсил олган.
НАТО ва КХШТ қарама қаршилиги
Грузия давлат бошқарувига Михаил Саакашвили келгач, Россия билан муносабатлар совуқлашиб кетди. Грузия асосан АҚШ ва Европа мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Ўша вақтда Грузия бугунги Украина каби НАТОга аъзо бўлиш учун ҳаракат қилаётган эди. Шу вақтда КХШТ ва Шимолий Альянс ўртасида зимдан кураш бошланди. 2008 йилда Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти НАТОга шундай огоҳлантириш берди:
“Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти масъулият зонаси яқинида жиддий можаролар потенциали тўпланиб бормоқда. КХШТ аъзолари НАТО мамлакатларини Альянснинг Шарққа кенгайиши ва КХШТга аъзо давлатлар чегаралари яқинида янги ракетага қарши мудофаа иншоотларини жойлаштиришнинг барча мумкин бўлган оқибатларини ўйлаб кўришга чақиради”.
2008 йил 5 сентябрь куни Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб, махсус декларация қабул қилинди. Декларацияга кўра, КХШТга аъзо давлат раҳбарлари Жанубий Осетия ва Абхазия учун барқарор хавфсизликни таъминлашга чақирилди.
Қирғизистон можароси
2009 йил 4 февраль куни Москвада Коллектив хавфсизлик кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда аъзо давлат раҳбарлари қатнашиб, Коллектив Тезкор Ҳаракат Кучларини (КСОР) яратишни келишиб олди. Имзоланган ҳужжатга кўра, КСОР ҳарбий тажовузни қайтариш, халқаро терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича махсус операцияларни ўтказиши белгиланганди.
2010 йилнинг ёзида Марказий Осиё минтақасида ўзбек-қирғиз можароси ортидан Қирғизистонда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Мамлакат Президенти Роза Отунбоева Россия Федерацияси Президенти Дмитрий Медведевдан ёрдам сўради. Бунга жавобан Қирғизистонга КСОР бўлинмалари киритилди. Фуқаролар уруши тезда ташқи кучлар ёрдами билан бостирилган.
2012 йилда Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиб кетди.
2020 йилнинг сентябрь ойида Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида ҳарбий ҳаракатлар бошланди. Арманистон Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо эди. Қорабоғ урушида Арманистон мағлуб бўла бошлагач, Бош вазир Никол Пашинян КХШТдан ёрдам сўради. Бироқ бу чақириқ жавобсиз қолдирилди.
КХШТ кучларининг Қозоғистонга кириши
Жорий йил бошида Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида суюлтирилган газ нархининг ошиши ортида норозилик намойишлари бошланди. Бу намойишлар дақиқа сайин жиддий тус олди. Асқар Мамин бошчилигидаги Ҳукумат истеъфо берди. Норозиликлар ортидан мамлакатни 30 йил бошқарган, отдан тушса ҳам эгардан тушмай келаётган Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоев Хавфсизлик кенгашидаги фаолиятини тугатди. Унинг ўрнига ХК бошқарувини Тўқаев ўз гарданига олди. Ҳозир эса Назарбоевнинг ўзи ҳам, оила ҳам қаердалиги, нима билан машғуллиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган гапларга қараганда, Назарбоевнинг оила аъзолари мамлакатни тарк этишни бошлаган. Блогерларнинг фикрича оилага тегишли самолётлар ичида собиқ Президентнинг ўзи ҳам бўлиши мумкин.
Хуллас 5 январдан 6 январга ўтар кечаси Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қозоғистондаги вазият таҳлил қилинди. Учрашув давомида Қозоғистон Президенти Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлат раҳбарларидан ёрдам сўрашдан бошқа чораси қолмаганини айтди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг мурожаати КХШТ томонидан “мамнуният” билан қабул қилинди ва унга ҳозиржавоблик билан муносабатда бўлинди. Оқибатда Қозоғистон Республикасининг миллий хавфсизлиги ва суверенитетига, хусусан, ташқи аралашув натижасида юзага келган таҳдидни ҳисобга олиб, КХШТ Коллективи Хавфсизлик Кенгаши Коллектив Хавфсизлик Шартномасининг 4-моддасига мувофиқ, ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида КХШТнинг Коллектив тинчликпарвар кучларини чекланган муддатга Қозоғистон Республикасига юборишга қарор қилинди.
Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотининг тинчликпарвар кучлари Қозоғистонга юборилиши ортидан воқеаларни диққат билан кузатиб келаётган экспертлар “оёққа турди”. Хусусан, россиялик сиёсатчи Леонид Гозман ўз блокида шундай деди:
“Чет эл қўшинларини ўз халқига қарши курашга таклиф қилиш, назаримда, Ватанга хиёнатдир. Мен ўзимиз ҳақимизда гапираман. Қозоғистондаги норозилик намойишларини бостиришда ватандошларимизнинг иштироки биз учун қандай оқибатларга олиб келади?
Биринчидан, Қозоғистондаги норозилик намойишлари Россияга ҳеч қандай хавф туғдирмайди, балки ҳозирги ҳукмдорларимиз учун таҳдид солиши мумкин.
Иккинчидан, Бизнинг аскарларимиз у ерда босқинчи сифатида кўрилади, демак улар ўша ерда ҳалок бўлиши мумкин, чунки қозоғистонликлар қаршилик кўрсатади.
Учинчидан, Қозоғистон ҳарбийларининг бир қисми қаршилик кўрсатиш тарафига ўтиб кетади.
Тўртинчидан. Бизнинг аскарлар, ҳатто, жавоб ўқлари узиб бўлса-да, одамларни ўлдиради.
Бешинчидан. Қозоғистонда бўлаётган воқеалардан чўчиган раҳбариятимиз ички сиёсатни қаттиқлаштиради”.
Марказий Евросиё Тадқиқотлар Жамияти асосчиси Жен Муртазашвили ўз “Twitter” саҳифасида Қозоғистондаги вазият юзасидан шундай фикр билдирди:
“Қозоғистоннинг табиий ресурслари ҳамда иқтисодий ислоҳотларни қабул қилиши унга минтақадаги кучли иқтисодиётга эга бўлиш имконини берди. Мамлакатнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини ёрдамга чорлаши минтақа лидери сифатидаги қудратига путур етказади. Ўзбекистонда ташкилотдан ташқари мамлакат сифатида лидерлик ролини эгаллаш имкони мавжуд”.
Бугун эрта тонгда, ижтимоий тармоқларда Хавфсизлик кучларининг Олмаота марказида қуролли ҳаракатлари тасвирга олинган видеолар тарқалди. Улар намойишларни қаттиққўллик билан бостирмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Қозоғистон ўз вақтида керакли чораларни кўрганида бугунгидек босқинчиларнинг ҳар айтганига бош эгишига ва бошқа мамлакат ҳарбийларининг қозоқ заминида ўт очишига эҳтиёж қолмас эди.
Тасодифий хабарлар
Молия вазири ўринбосари вафот этди. У коронавирусга чалинганди
1 гектар ерга эгалик учун 1,4 миллион доллар пора сўраган ҳокимлик ходими қўлга тушди
Нурсултон Рўзибоев охирги жангидан қанча даромад қилгани маълум бўлди
Наманган шаҳар МИБда 7050 доллар ёқиб юборилди
Адвокат: «Гулнора Каримова қамоқхонадан тез ёрдам машинасида олиб кетилди»