Ҳар соатда тахминан 100 киши ёлғизлик билан боғлиқ сабаблардан вафот этади. Бу йилига 871 мингдан ортиқ ўлим демак. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) таяниб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.
“Бугунги кунда чексиз мулоқот имкониятларига қарамай, тобора кўпроқ инсонлар ижтимоий ажралганлик ва ёлғизликка дуч келмоқда. Ёлғизлик инсон, оила ва жамият учун ҳалокатлидир. Агар биз бу ҳолатга қарши ҳаракат қилмасак, бу соғлиқни сақлаш, таълим ва бандлик соҳаларидаги харажатларнинг ортишига олиб келиб, жамиятга миллиардлаб зарар етказишда давом этади”, дейди ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.
Ёлғизлик ҳар қандай ёшдаги инсонларга таъсир қилиши мумкин, бироқ айниқса ёшлар ва паст ёки ўртача даромадга эга мамлакатлар аҳолиси орасида кенг тарқалган.
13 ёшдан 29 ёшгача бўлганларнинг 17-21 фоизи доимий ёлғизликни ҳис қилаётганини тан олади, бу айниқса ўсмирлар орасида юқори кўрсаткичдир. Паст даромадли давлатларда респондентларнинг 24 фоизи ўзларини ёлғиз деб ҳисоблайди, бу юқори даромадли мамлакатлардагидан (11 фоиз атрофида) икки баравар кўп.
Ёлғизлик ва ижтимоий ажралганликнинг сабаблари турлича бўлиб, улар соғлиқ муаммолари, даромад ва таълим даражасининг пастлиги, якка яшаш, ижтимоий инфратузилманинг ривожланмагани ва давлат сиёсатидаги камчиликлар, шунингдек рақамли муҳит билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳисобот муаллифлари рақамли қурилмалардан узоқ муддатли фойдаланиш ва онлайн мулоқотнинг салбий шакллари ёшларга руҳий саломатлик нуқтаи назаридан зарар етказишини алоҳида таъкидлайди.
Ижтимоий алоқалар бутун умрлик саломатлик учун фойдали: улар яллиғланиш реакцияларини камайтиради, оғир касалликлар хавфини пасайтиради, руҳий саломатликни қўллаб-қувватлайди ва эрта ўлим эҳтимолини пасайтиради.
Бошқа томондан ёлғизлик ва ижтимоий ажралганлик инсульт, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, когнитив бузилишлар ва эрта ўлим хавфини оширади. Ёлғиз инсонлар депрессияга икки баравар кўпроқ дучор бўлади. Бу ҳолат хавотирли бузилишларга, ўзига зарар етказишга ёки ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайишига олиб келади.
Бундан ташқари, ёлғизлик таълим ва бандликка ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ёлғизликдан азият чекаётган ўсмирларнинг ўқишида муваффақиятсизлик 22 фоизга юқори. Катталар эса иш топиш ва уни сақлаб қолишда қийинчиликларга дуч келади, уларнинг даромади эса вақт ўтиши билан камаяди.
Жамият даражасида эса ёлғизлик ижтимоий бирликни заифлаштиради, меҳнат унумдорлигининг пасайиши ва соғлиқни сақлаш харажатларининг ошиши орқали миллиардлаб иқтисодий йўқотишларга олиб келади. Ижтимоий алоқалари мустаҳкам бўлган жамиятлар одатда хавфсизлик, соғлиқ ва табиий офатларга бардошлилик бўйича юқори натижаларга эришади.
ЖССТ барча давлатлар, ҳамжамиятлар ва фуқароларни ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашни жамоат саломатлигининг энг муҳим вазифаси сифатида тан олишга чақирди.
Тасодифий хабарлар
Ачинарли ҳолат! 33 нафар ўқувчи ҳомиладор бўлди. Улардан 9 нафари 16 ёшга ҳам тўлмаган
НАТО Украинага 500 млн евролик янги ёрдам пакетини юборади
Apple бутун дунё бўйлаб iPhone нархлари ошишини эълон қилди
«ИЕ, САЙЛОВГА НИМА УЧУН ЧИҚМАЙСИЗ?!»
Абдулманап Нурмагомедов яна комага тушиб қолди