Тошкент вилоятида бангихона ташкил қилганлар ушланди

Тошкент вилоятида бангихона ташкил қилганлар ушланди

Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситаларини сотиш ҳамда истеъмол қилиш учун бангихона ташкил этганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.


Маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш) билан судланган аёл 2025 йилнинг июль ойида қўшни республикага бориб, наркосавдогардан 1 кг “гашиш” моддасини 6 минг долларга сотиб олиш ва уни мамлакат ҳудудидаги тегишли манзилга етказиб бериш бўйича келишувга эришган.

Орадан маълум бир вақт ўтиб, аёл WhatsApp мессенжери орқали гиёҳвандлик воситаси қолдириб кетилган хуфия жой манзилини олган.

Сўнгра муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлари учун судланган икки таниши билан Бекобод шаҳри ҳудудидаги дала майдонига йўл олган.

Бироқ, улар гиёҳвандлик моддасини хуфия жойдан олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Экспертиза хулосасига кўра, гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 985 граммни ташкил этган.

Тергов жараёнида аёл ўзининг 1993 йилда туғилган жиноий шериги билан биргаликда Бекобод шаҳридан ижарага хонадон олиб, у ерда гиёҳвандлик воситаларини сотиш ҳамда истеъмол қилиш учун бангихона ташкил этганликлари ҳам фош бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судининг ҳукмига кўра, мазкур шахслар Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан 8 йил 3 ойдан 10 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Теглар:
×