Мирзиёев Ҳиндистон халқига таъзия билдирди

Мирзиёев Ҳиндистон халқига таъзия билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Аҳмадобод шаҳри ҳудудида юз берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия мактуби йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

“Давлатимиз раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Ҳиндистон халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этди, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади”, деб ёзади Асадов. 

Бугун, 12 июнь куни Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Аҳмадобод шаҳрида Air India авиакомпаниясига тегишли Boeing 787-8 Dreamliner самолёти ҳалокатга учради. AI171 рақамли рейс маҳаллий вақт билан соат 13:38 да Аҳмадободдаги Sardar Vallabhbhai Patel халқаро аэропортидан Лондонга йўлга чиққан. Аммо парвоз бошланганидан атиги бир неча дақиқа ўтиб, самолёт фавқулодда ҳолат сигналини берган ва қисқа муддатдан сўнг алоқалар узилган. Самолёт аэропортдан унча узоқ бўлмаган ҳудудга қулаб тушган. Ушбу ҳодиса оқибатида 110 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.


×