Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев мол-мулк солиғининг 2 фоиздан 1,5 фоизга туширилиши ҳалол ишлаб келган тадбиркорлар манфаати учун хизмат қилишини таъкидлади. У айрим тадбиркорлар камроқ солиқ тўлаш учун объект нархини паст кўрсатгани, эндиликда улар ҳам белгиланган суммадан кам бўлмаган миқдорда солиқ тўлашларини таъкидлади.
Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) раиси Шерзод Кудбиев 17 январь куни матбуот анжуманида юридик шахсларга мол-мулк солиғи камайтирилгани юзасидан изоҳ бериб ўтди.
Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, 2022 йилда юридик шахслар учун мол-мулк солиғи 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилди. Шу билан бир қаторда, мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқаришда бино ва иншоотлар бўйича солиқ базаси бу объектларга 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги бўйича янги тартибкиритилди.
Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 2,5 млн сўм, Нукус ва вилоятлар марказларида 1,5 млн сўм ҳамда бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 1 млн сўм этиб белгиланган эди. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, юридик шахслар учун мол-мулк солиғи миқдорининг ошиб кетгани, натижада, айниқса, кичик бизнес зарар кўраётгани айтилмоқда.
Шерзод Қудбиев ушбу масала юзасидан ОАВ вакилларига изоҳ бериб ўтди. Унинг таъкидлашича, айрим тадбиркорлар қонунчиликка риоя қилган ҳолда мол-мулкларини реал бозор баҳосида ҳисоблаб, уни ҳар йили қайта баҳолашган. Айримлари эса камроқ солиқ тўлаш мақсадида мол-мулкини ўта арзон баҳога ҳисоблатган.
«Мана, сизларга мисол, буни биз жуда кўп кўрсатдик. Биз битта ҳудудда бир-бирига ўхшаш субъектларни топишга ҳаракат қилдик. Жиззах шаҳрида 861 квадрат метр майдонга эга мулкнинг қиймати 1,99 млн сўм кўрсатилган. Худди шундай Жиззах шаҳрида, юқоридаги бинодан кўриниши хунукроқ бўлган 880 метр квадрат майдонга эга мулкнинг қиймати эса 1,7 млрд сўм. Иккаласи ҳам тадбиркор. Қайси тадбиркорни манфаатини ҳимоя қилишимиз керак?» — дея таъкидлади қўмита раиси.
Унинг сўзларига кўра, юқоридаги мисолда биринчи тадбиркор 2021 йилда 39,8 минг сўм солиқ тўлаган. Иккинчиси эса 2 фоизлик ставкада 34,52 млн сўм солиқ тўлаган. Шунинг учун, Молия вазирлиги таклифига кўра, мол-мулк солиғи ставкаси 1,5 фоизгача пасайтирилган.
«Чунки ҳалол ишлаган тадбиркорга солиқ юки камайииши керак. Шунинг учун юқоридаги иккинчи тадбиркор 2021 йилдагига қараганда 8 млн сўм камроқ солиқ тўлайди. Лекин мулкини тўғри баҳоламаган тадбиркорга, албатта, солиқ юки ошяпти. Бу — тўғри. Чунки минимал қиймат киритиляпти», — деди Шерзод Қудбиев.
ДСҚ раиси юқоридаги ҳолат юзасидан Тошкент шаҳри бўйича ҳам мисол келтирди. Унинг айтишича, Тошкентда майдони 40 квадрат метр бўлган дўкон 2 млн сўмга баҳоланган. Ундан узоқ бўлмаган жойдаги майдони 31 квадрат метр бўлган мулк эса 168 млн сўмга.
«Тошкент шаҳрида 40 квадрат метр жойнинг 2 млн сўм туришига ишонадими кимдир? Бу тадбиркор шу 2 млн ҳисобида солиқ тўлаши керак. Шундай экан, бу дўкондан унчалик узоқда жойлашмаган 31 квадрат метр мулк 168 млн сўмга баҳоланган. Бунинг айби давлат чиқарган қонунчиликка амал қилганими, у йилдан-йилга мулкини „переоценка“ қилган ёки сотиб олганда тўғри баҳолатган ва ҳк. Шуни инобатга олиб, Тошкент шаҳрида 2,5 млн сўм минимал қиймат киритилди. Тошкент шаҳрида 1 квадрат метри 2,5 млн сўм турадиган мулк қаерда бор экан? Ёки вилоятларда 1 квадрат метри 1 млндан, вилоят марказларида 1,5 млндан кам бўлган мулк борми?» — дея савол берди Қудбиев.
ДСҚ раҳбари масала ҳаммага бир хил шароит яратиб бериш ҳақида эканлиги, бир тадбиркор бошқасидан у ёки бу тартибларни вақтида бажармагани учун рақобат устунлигига эга бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, янги тартиблар жорий этилганидан сўнг 21 мингдан ортиқ субъектларда мол-мулк солиғи камаймоқда. 40 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектида эса кўпаймоқда. 7 мингта субъектда ўзгаришсиз қолмоқда. 5 мингта солиқ тўловчиси мулкини «ноль» қийматда кўрсатиб келмоқда.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистоннинг 4 та вилоятида яна сел-сув тошқини кутилмоқда
Андижонда блогер калтаклаб кетилди
АҚШ ва иттифоқчилари инқироз чиқарган Беларусга “кучли” жавоб билан таҳдид қилди
Президент Администрацияси 12 йиллик пахта бойкоти олинганига муносабат билдирди
"Ҳижоби ечтирилган аёл": Чирчиқда аёл терроризм таъсирига тушиб қолганлиги маълум бўлди