Яқин Шарқ хавфли ҳудудга айланиши мумкин, шу боис АҚШ айрим ходимларини бу минтақадан кўчиради. Бу ҳақда кеча, 11 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп баёнот берди.
“Reuters”га кўра, АҚШ Ироқдаги элчихонасидан ходимларининг бир қисмини эвакуация қилишга тайёрланмоқда, шунингдек, минтақадаги ҳарбий базаларда жойлашган ҳарбий хизматчилар оилалари учун ихтиёрий кетишга рухсат берилади. Бу қарор минтақадаги хавфсизлик таҳдидларининг ортгани билан изоҳланган, аммо ушбу таҳдидларнинг айнан нималардан иборат экани аниқ айтилмаган.
Ушбу эвакуация хабарлари фонида нефть нархи 4 фоиздан ортиққа кўтарилди.
АҚШ Давлат департаменти Баҳрайн ва Қувайтдан ихтиёрий кетишга рухсат берган. Департамент кеча, 11 июнь куни кечқурун ўзининг халқаро саёҳат бўйича огоҳлантирувини янгилаб, тегишли баёнот берди.
“11 июнь куни минтақадаги кескинлик кучайгани сабабли, Давлат департаменти фавқулодда бўлмаган АҚШ ҳукумат ходимларини эвакуация қилишни буюрди”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Дональд Трамп ҳам бу қарор юзасидан изоҳ берди.
“Уларни олиб чиқяпмиз, чунки бу хавфли жой бўлиши мумкин. Нималар бўлишини кутамиз. Биз ҳаракатни бошлаш ҳақида огоҳлантириш бердик”, дейди у.
Трампдан минтақадаги вазиятни қандай юмшатиш мумкинлиги ҳақида сўрашганда, у шундай жавоб берди: “Улар ядровий қуролга эга бўлиши мумкин эмас. Жуда оддий – улар бунга эга бўла олмайди”.
АҚШ Президенти аввал ҳам Эрон билан ядро дастури бўйича музокаралар муваффақиятсиз бўлса, бу мамлакатга зарба берилиши мумкинлигини бир неча бор айтган. 11 июнь куни берган интервьюсида эса у Эрон уранни бойитишни тўхтатишга рози бўлишига тобора кам ишонаётганини билдирган.
Эрон Мудофаа вазири Азиз Носирзода ҳам АҚШнинг ҳаракатларига жавоб беришга тайёр эканини айтди.
“Агар Эрон ҳужумга учраса, минтақадаги АҚШ базаларига жавоб зарбалари берилади”, деди у.
Шунингдек, Эрон армияси расмийлари АҚШнинг ҳужуми уларнинг ўзларига кўпроқ зарар беришидан огоҳлантирган.
Шунга қарамай, АҚШнинг Қувайтдаги элчихонаси дипломатик ваколатхона таркибида ўзгариш бўлмаганини, у тўлиқ фаолият юритаётганини маълум қилди.
Ҳарбий иштирок
АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий иштироки кенг – у Ироқ, Қувайт, Қатар, Баҳрайн ва БААда базаларга эга. АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет Яқин Шарқдаги ҳарбийлар оилалари учун ихтиёрий кетишга рухсат берган. Бу асосан Баҳрайндаги оилаларга тааллуқли, чунки у ерда уларнинг аксарияти жойлашган.
АҚШнинг яна бир расмийсининг айтишича, Бағдоддаги элчихона учун расмий эвакуация режаси мавжуд бўлиб, эвакуация тижорат рейслари орқали амалга оширилиши режалаштирилган, аммо зарурат туғилса, ҳарбийлар ёрдам беришга тайёр.
Ироқ расмийлари эса мамлакатда эвакуацияни талаб қиладиган даражада хавфсизлик таҳдиди аниқланмаганини билдирган.
Қатардаги Ал-Удейд ҳарбий базасида фаолият давом этмоқда, эвакуация ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмаган. Қатардаги элчихона ҳам одатий тартибда ишлашда давом этмоқда.
Кескинлик ва халқаро хавотирлар
Бағдоддаги эвакуация ҳақидаги хабарлар фонида Brent маркали нефть нархи 3 долларга ошиб, бир баррель учун 69,18 долларни ташкил этди.
Британия денгиз агентлиги эса минтақадаги кескинлик ҳарбий ҳаракатларга олиб келиши мумкинлигини ва бу Ғарбий Форс қўлтиғи, Уммон қўлтиғи ҳамда Ҳормуз бўғозидаги кемаларга таъсир қилиши эҳтимолидан огоҳлантирди. Улар ушбу сув йўлларидан ўтишда ҳушёрликни тавсия қилди.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги воқеаларни диққат билан кузатаётганини ва Ироқдаги элчихонаси ҳолатини мунтазам баҳолаб боришини билдирди.
Ироқ – АҚШ ва Эроннинг ягона умумий шериги бўлиб, у ерда 2 500 АҚШ аскари жойлаштирилган. Бироқ Эронга содиқ қуролли гуруҳлар Ироқ хавфсизлик кучлари билан боғланган. 2023 йилнинг октябрида Ғазо уруши бошланганидан бери ушбу гуруҳлар бир неча бор АҚШ ҳарбийларини нишонга олган, аммо сўнгги ойлар ичида ҳужумлар камайган.
Ўтган йили Исроил ва Эрон ўзаро бевосита икки бор ўт очган эди. Бу икки душман давлат ўртасидаги илк бевосита ҳарбий тўқнашув бўлган. Ўшанда ракеталар ва дронлар Ироқ осмони орқали учган. Исроил АҚШнинг минтақадаги асосий иттифоқчиси сифатида, Эрон билан боғлиқ нишонларга Ироқ ва Суриядан зарбалар берган.
Сўнгги ойлар ичида АҚШ минтақага қўшимча ҳарбий кучлар, жумладан B-2 бомбардимончиларини жойлаштирган, иккинчи авиация кемасининг хизмат муддатини узайтирган (ҳозирда бу кемалар олиб кетилган).
Эрон ва АҚШ ўртасидаги навбатдаги ядро музокаралари яқин кунларда ўтказилиши кутилмоқда. Теҳрон АҚШнинг сўнгги таклифини рад этиб, ўз қарши таклифини тақдим этиши керак.
“Ҳар қандай ҳарбий таҳдид АҚШнинг Эрон билан музокарадаги стратегиясининг бир қисми бўлиб келган. Аммо АҚШ ёки Исроилнинг ҳарбий ҳужуми жиддий оқибатларга олиб келади”, деган эронлик юқори мартабали расмий “Reuters”га.
Тасодифий хабарлар
Наманганлик келин овсинининг кўзини кўр қилди
Алишер Усмоновнинг жияни “Эвертон” раҳбариятидан кетди
“Салимбой”ни молиялаштирган Қирғизистонлик собиқ депутат Интерполга қидирувга берилди
2021 йилда хориждан қанча ўзбекистонликнинг жасади олиб келинди?
Намангандаги гуллар фестивалида 2 миллионга яқин хорижлик иштирок этиши кутилмоқда