Жорий йилнинг 2 июнь куни Франциянинг Вийёрбан шаҳрида номаълум шахс масжиддан Қуръони Каримни ўғирлаб, уни ёқиб юборди. Бу ҳақда Рона департаментининг масжидлар кенгаши сайтида хабар берилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса шаҳарда жойлашган “Эррама” масжидида содир бўлган. Маҳаллий вақт билан тахминан тонгги соат 3:45 атрофида бомдод намозидан олдин номаълум бир киши юзини яширган ҳолда масжид ичкарисига кириб, Қуръон нусхасини олиб, уни ёқиб юборган ва кейин уни масжид ташқарисига қўйиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
“Бу ҳаракат Франциядаги мусулмонларга нисбатан тобора кучайиб бораётган нафрат ва таҳдид муҳитининг яна бир далилидир”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 май куни мамлакатнинг Ла-Гран-Комб шаҳрида жойлашган масжидда ибодат қилаётган одамлар пичоқ билан ваҳшийларча ўлдирилган. 2 июнь куни эса Вар департаментида ҳам яна бир ёш тунислик йигит ўлдирилган.
“Рона вилояти масжидлар кенгаши ушбу муқаддас жойга қилинган тажовузни кескин қоралаб, бу ҳодисани мусулмонлар шаънига ва диний эркинлик тамойилига оғир зарба деб баҳолади”, дейилади хабарда.
Кенгаш ҳуқуқ-тартибот органларини ушбу жиноятни содир этган шахсни аниқлаб, унга нисбатан қатъий чоралар кўришга чақирган.
Қўшимча қилинишича, масжид жамоаси ва барча мусулмонларга чуқур ҳамдардлик билдирилган. Шу билан бирга, жамиятдаги барча институтлар, сиёсатчилар ва фуқароларни нафрат, камситиш ва зўравонликка қарши биргаликда курашишга даъват этилган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда қанча одам ОИВ касаллиги билан яшаб келаётгани айтилди
Вазирлик Ўзбекистонга Туркманистондан ёпирилиб кираётган чигирткалар ҳақида фикр билдирди
Алишер Усмонов компанияси Россиядаги яна бир футбол клубига ҳомийлик қилади
Қозоғистондаги авиаҳалокат қурбонлари орасида ўзбекистонликлар борми?
ДХХ Афғонистон ва Тожикистондан олиб ўтилган кўп миқдордаги гиёҳванд моддани аниқлади