2027 йилда МДҲга раислик қилиш Ўзбекистонга ўтади

2027 йилда МДҲга раислик қилиш Ўзбекистонга ўтади

Ўзбекистон 2027 йил 1 январдан бошлаб Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) органларига раислик қилади. Бу ҳақда бугун, 9 октябрь куни МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида маълум қилди.

Лебедевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилларда Ҳамдўстлик доирасида фаол ва ташаббускор позицияни эгаллаб келмоқда.

“Умид қиламизки, 2027 йилда ҳеч нарса Ўзбекистонга раисликни қабул қилишига ва уни муваффақиятли ҳамда натижали ўтказишига халақит бермайди”, дейди МДҲ Бош котиби.


МДҲга раислик қилиш мамлакатдан мамлакатга ҳар йили, 1 январдан эътиборан ротация принципи асосида рус алифбоси тартибида ўтади. Ваколат муддати бир йилдан ошмайди.

Узлуксизликни таъминлаш учун амалдаги раиснинг ҳамиша иккита ҳамраиси бўлади – олдинги ва кейинги. Раис йил кун тартибини шакллантиради ва асосий тадбирларни, жумладан, Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгашини ўз мамлакатида қабул қилади. Агар мамлакат ўз навбатидан воз кечса, раислик алифбо бўйича кейинги давлатга ўтади.

Ўзбекистон Ҳамдўстликка иккинчи марта раислик қилади – илк бор мамлакат МДҲга 2020 йилда бошчилик қилган ва пандемиянинг мураккаб шароитига қарамай, ушбу вазифани муваффақиятли бажарган.


Теглар:
×