Президент 29 та туманда ишлаб чиқариш 4,5 триллион сўмга камайганини айтди

Президент 29 та туманда ишлаб чиқариш 4,5 триллион сўмга камайганини айтди

Ўзбекистоннинг 29 та туманида ишлаб чиқариш 4,5 триллион сўмга камайган. Бу ҳақда бугун, 26 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида бугунги таҳликали ва ноаниқликларга тўла шароитда ҳар бир мамлакат, аввало, энг кўп иш ўринлари яратадиган соҳаларни ҳимоялаш чораларини кўраётганини таъкидлади.

Шу муносабат билан ташқи бозордаги тебранишлар шароитида 1 миллионга яқин аҳоли ишлаётган тўқимачилик, қурилиш материаллари, мебелсозликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётимизнинг яна бир “драйвери” бўлиши кутилаётган заргарлик саноатига янги суръат бағишлаш муҳимлиги қайд этилди.

Ўтган 4 ойда саноат 6,3 фоизга ўсиб, 290 триллион сўмга етди. 

“Бу – ҳозирги мураккаб шароитда ўз вақтида кўрилган чоралар натижаси. Лекин 29 та туманда ишлаб чиқариш 4,5 триллион сўмга камайган. Бу кичкина рақамлар эмас”, деди давлат раҳбари.

Президентнинг таъкидлашича, саноат, экспорт ва тушум бўйича “республика – тармоқ – вилоят – туман” вертикал тизимидаги масалалар ўз вақтида ва тўлиқ ҳал қилинганида саноатда яна 2 фоизлик ўсишга эришиш мумкин эди. Масалан, ўтган 4 ойда Пайариқда саноат қарийб 2 бараварга, Пахтачида 38 фоизга пасайгани оқибатида ишлаб чиқариш 210 миллиард сўмга камайган.

Пойтахт саноатининг учдан бирини берадиган Сергели ва Яшнободда 300 миллиард сўмлик маҳсулот кам ишлаб чиқарилгани боис Тошкент шаҳри саноатида 1,1 фоиз ўсиш бой берилган.

Ўртачирчиқ, Қибрай, Паркент, Оҳангарон туманлари, Ангрен, Бекобод шаҳарларидаги 25 та ҳудудий корхона ўтган йилгидан 1 триллион сўмга кам маҳсулот чиқаргани боис, 30 миллион доллар экспорт йўқотилган.

Ёки январь-март ойларида саноатда ўсиш қилган Қарши, Миришкор, Булунғур, Данғара, Ўзбекистон, Хива туманлари апрелга келиб кўрсаткичларини кескин тушириб юборган. Шу муносабат билан уч кун муддатда “республика – тармоқ – вилоят – туман” вертикали бўйича ҳар бир масалани тезкор ҳал қилиш учун республикадан аниқ масъулларни белгилаш ва жойларга юбориш топширилди. Вертикал бўйича қайси бўғинда муаммо ечилмаса, ўша тизим масъулларидан сўров қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.


×