АҚШда икки бошли илон аниқланди

АҚШда икки бошли илон аниқланди

АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган жониворларни парваришлаш маркази — East Bay Vivarium икки бошли илон дунёга келгани аниқланди. Бу ҳақда Popular Science хабар берди.

Муассаса ходимлари 7 ой олдин инкубатордан илон боласини олганида у икки бошли эканини аниқлаган. Ушбу турдаги илонлар АҚШнинг ғарбий қисмида яшайди ва ярим чўлларда, сийрак ўрмонларда, шунингдек, дарё бўйидаги бутазорларда ҳаёт кечиради.

Lampropeltis californiae илонларининг узунлиги 1,5 метргача етади ва одамларга хавф туғдирмайди. Улар калтакесаклар, кемирувчилар ва бошқа илонлар билан озиқланади.

Туғилган илон эса сиам эгизакларининг аниқ намунаси бўлиб, бунда икки бола бирга туғилади ва уларнинг таналари бириккан бўлади. Лекин айрим ички аъзолари алоҳида бўлади. Аммо икки бошли илон ҳолатида битта тўлиқ ишлайдиган ички органлар бор. East Bay Vivarium ходимларининг айтишича, иккинчи бош нафас олади, атрофга қарайди, тилини чиқаради ва агар нимадир билан тегилса, ғазабланади, бироқ озиқланмайди. Илон 7 ойдан бери муваффақиятли яшаб келмоқда.



Илон овқатланиш учун доминант бошдан фойдаланади, иккинчиси эса озуқага деярли қизиқмайди. Сиам эгизакларининг яшаб қолиши жуда кам учрайдиган ҳодиса. Ҳатто туғилган тақдирда ҳам улар узоқ яшамайди. Чунки бундай ҳолатларда иккита юрак, иккита ўпка ва иккита овқат ҳазм қилиш тизими бўлиши мумкин — бу органлар ўзаро рақобатга киришади ёки бир-бирини қўллаб-қувватлашга мажбур бўлади.

“Агар бу илонда иккита фаол ички тизим бўлганида, у аллақачон нобуд бўлган бўларди”, дейди ходимлар. Уларнинг айтишича, агар илон бир ёшга етгунча яшаб қолса, уни бошқа, доимий жойга кўчириш масаласи кўриб чиқилади.


Теглар:
×