Профилактика инспекторига пора бермоқчи бўлган ҳайдовчига нисбатан ҳукм ўқилди

Профилактика инспекторига пора бермоқчи бўлган ҳайдовчига нисбатан ҳукм ўқилди

Ҳайдовчи А.Й 2021 йил 11 март куни Мингбулоқ тумани, “Ўртақишлоқ” МФЙ ҳудудида ўзининг бошқарувида бўлган транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст ҳолда бошқаргани Мингбулоқ туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори томонидан аниқланиб, наркология текширувидан ўтказилган ва автомашина жарима майдонига олиб борилган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштириш учун туман ИИБ ЙҲХГ инспекторига топширилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи А.Й туман ИИБ ҲПБ профилактика катта инспекторига автомашинани жарима майдонидан чиқариш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомасини расмийлаштирмаслик эвазига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи беришни таклиф қилган.

А.Й. 2021 йил 12 март куни профилактика катта инспекторининг хизмат хонаси олдида таклиф қилган пулдан 1.050.000 сўмини берган вақтида ҳуқуқни мухофаза қилиш ходимлари томонидан ушланиб, пул маблағлари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, ҳайдовчи А.Й Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ашёвий далил деб эътироф этилган 1.050.000 сўм пул давлат фойдасига мусодара қилиш белгиланди.

Илёсжон Усмонов
Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Шароф Эшимов
ЖИБ Мингбулоқ туман судининг раиси

×