Фарғонадаги портлашдан сўнг вилоятдаги барча автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ўрганиб чиқилади

Фарғонадаги портлашдан сўнг вилоятдаги барча автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ўрганиб чиқилади

Фарғона вилояти ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг белгиланган норма ва меъёрларга мувофиқлиги ҳолати ўрганиб чиқилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши қабул қилинди.

“Бахтсиз ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Ўздавнефтгазинспекция” Фарғона ҳудудий бўлими, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали каби масъул ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Мазкур ишчи гуруҳи томонидан автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС), автомобилларга газ қуйиш станциялари (АГКС) ва автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари (АЁҚС)нинг саноат, ёнғин, экологик хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, ёқилғи сақлаш резервуар (сиғим)ларнинг ҳолати ва бошқа қонунчиликдаги меъёрлар ўрганилади. Ўрганишлар чоғида уларнинг молиявий ишларига аралашмайди ҳамда шохобчалар одатдаги иш тартиби бўйича фаолият кўрсатади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, вилоят ҳудудида фаолият юритаётган, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча автомобилларга ёқилғи қуйиш, сиқилган ва суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаларида ишловчи ишчи-ходимларни вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси қошидаги ўқув марказида дастур асосида шартли равишда ўқитилиши таъминланади.


Теглар:
×