Тел-Авивни бойкот қилиш таклифи Саудия Арабистони ва яна бир қанча бошқа мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланмади.
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда қўшма саммити ўтказилди. Исроил агрессияси оқибатида Ғазодаги вазият кескинлашиб бораётгани учун икки ташкилот йиғилиши бирлаштирилди.
Саммитнинг умумий резолюциясида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари қораланди. «Биз Исроилнинг Ғазодаги агрессиясини, Ғарбий соҳил, Шимолий Қуддусдаги Фаластин халқига қарши колониал босқинчи ҳукумат томонидан ноинсоний ва ваҳшийларча амалга оширилаётган оммавий қотиллик кўринишидаги ҳарбий жиноятларни қоралаймиз. Бу агрессия тезда тўхтатилишини талаб қиламиз», дейилади баёнотда.
Исроилга қарши санкция таклифи рад этилди
Йиғилишда Исроил ва унинг асосий иттифоқчиси АҚШ манзилига кўп салбий гаплар айтилди, аммо бу баёнотлар амалий ҳаракатларга кўчмади. Масалан, Жазоир араб давлатлари томонидан Исроилга қарши санкциялар жорий қилиш лойиҳасини тақдим этди. Жазоир АҚШнинг Исроилга ёрдам беришда араб давлатларидаги ҳарбий базалардан фойдаланишига йўл қўймаслик, Исроил билан иқтисодий алоқаларни узиш таклифини ҳам билдирганди.
Жазоирнинг асосий таклифи эса нефт билан боғлиқ эди. Шимолий Африкадаги араб давлати қолган арабларни Исроилга нефт бермасликка, «қора олтин»дан Исроилга босим ўтказиш йўлида фойдаланишга чақирди. Аммо бу шунчаки таклифлигича қолиб кетди. Чунки Араб давлатлари лигасининг 11 аъзоси қўллаган ушбу таклифни лиганинг икки асосий давлати – Саудия Арабистони ва БАА, шунингдек, Марокаш ҳамда Баҳрайн қўллаб-қувватламади.
Экспертлар фикрича, араб давлатлари саммит олдидан ҳам Исроилга қарши қандайдир санкция киритиш ҳақида ўйламаган. Жазоирнинг таклифини «пиар юриш» деб атаганлар ҳам бўлди.
Times of Israel нашри ёзишича, саммитда Исроил самолётларининг араб давлатлари осмони узра учишини тақиқлаш ҳам таклиф қилинган. Аммо бу таклиф Саудия Арабистони, БАА, Иордания, Миср, Судан, Марокаш, Мавритания ва Жибути томонидан қўллаб-қувватланмаган.
Араб-ислом саммити иштирокчи давлатлари жойлашуви
Бунақаси аввал бўлганди
Жазоир томони Исроилга қарши санкциялар доирасида бежиз нефтдан фойдаланиш кераклигини илгари сурмаган. Чунки бунақаси аввал ҳам бўлган. 1973 йилги араблар ва Исроил ўртасидаги «Қиёмат куни уруши» вақтида ОПЕК аъзоси бўлган барча араб давлатлари, шунингдек, Миср ва Сурия урушда Исроилни қўллаган Британия, Канада, АҚШ, Нидерландия ва Японияга нефт сотмаслигини эълон қилади.
Натижада нефтнинг 1 баррели 3 доллардан 12 долларгача қимматлашиб кетади. 1973 йил октябр ойида бошланган эмбарго 1974 йилгача давом этади. Бу эмбарго тарихдаги энг йирик энергия инқирозини келтириб чиқаради. Ўша воқеадан кейин Африканинг кўплаб давлатлари Исроил билан алоқаларни узади. Нефт нархи ошиб кўплаб компаниялар инқирозга учрайди.
«ҲАМАСнинг қўлларини ўпамиз»
Кутилганидек, саммитда энг кескин баёнотлар Исроилни ўзининг энг катта душмани деб ҳисоблайдиган Эрон президенти Иброҳим Раисий томонидан билдирилди. Дарвоқе, Саудия ва Эрон муносабатлари илиқлаша бошлаганидан буён форс давлати етакчиси илк марта Ҳижоз ўлкасига борганини ҳам таъкидлаш керак.
Эрон президенти ҲАМАСни Исроилга қарши уруши учун олқишлаб, мусулмон давлатларни Исроилга қарши санкция жорий қилишга чақирди. «Исроилга қарши туришдан бошқа йўл йўқ. Бу ишни бажараётгани учун ҲАМАСнинг қўлларини ўпамиз», деди Эрон президенти.
Раисий Фаластинни қуроллантириш муҳимлигини ҳам таъкидлади. Аммо бу таклиф ким томонидан қўллаб-қувватлангани ёки рад этилгани аниқ эмас. Умуман, ҳозир қамалда қолиб Исроилга қарши курашаётган Ғазодаги фаластинликларга кимдир қурол етказиб бериш-бермаслиги ҳам номаълум.
Манба: kun.uz
Тасодифий хабарлар
«Кеча “кўчалар” келишибди. Яна “доля“ берамизми?»
Наманганда 20 ёшли йигит 9 яшар қизчанинг ўлимига сабаб бўлди
Шавкат Мирзиёев: Барча ички ишлар ходимлари иш ҳақи 30 фоизга, маҳаллада хизмат ўтовчи ходимлар иш ҳақи эса 60 фоизга оширилади
Мессининг уч боласи етим қолиши мумкин
Прокуратура терговчиси $5 минг пора билан ушланди