Россияда ижтимоий тармоқлардан бирида эълон қилинган видеотасвир кўплаб ўзбекистонликларни ҳам ташвишга солган. Видеотасвирда 21 ёшли бухоролик М.Ш. исмли йигитнинг рус миллатига мансуб бир нечта йигитлар томонидан «самосуд» қилиниб, қийноққа солингани акс этган.
Видеодаги тасвирларга кўра, бухоролик йигит рус миллатига мансуб вояга етмаган қиз билан Телеграм мессенжери орқали танишган ва у билан ишқий муносабатда бўлиш истаги борлигини билдирган. Ёзишмада йигитнинг таклифига қиз қаршилик кўрсатмаган, яъни қиз томонидан: «У меня родители уехали. Можем у меня посидеть» деган жавоб келган. Шундан сўнг М.Ш. қиздан унинг расми ёки видеосини томоша қилиш учун жўнатишини сўраган. Бироқ, қиз томонидан сурат ва видеолар М.Ш.нинг шахсий телеграммига келиб тушмаган бўлса-да, улар учрашишга келишишган. Учрашув белгиланган жойга эса М.Ш. қизнинг ўзи эмас, унинг яқинлари чиқишганига гувоҳ бўлган ва шу ерда у «самосуд» қилинган. «Самосуд» жараёнлари тармоқда эълон қилинган ва ушбу видеотасвир тарқалиб кетган.
Видеотасвирда 3-4 нафар рус миллатига мансуб йигитлар муҳожир йигитни уриб, тепиб, дўппослашган. Бурун, юз, қўл-оёқ ва бел соҳаларига қаттиқ зарб билан тепиб, кўз ва юзига кўзни ачиштирувчи ва ёшлантирувчи газ пуркагич билан отишган. Кўзи ачишиб, заҳарланган муҳожирни яна тепиб, дўппослаб, устидан бензин қуйишган. Видеотасвирдаги воқеа шу ерда якунланган.
«Xabar.uz» мухбири асли бухоролик бўлган муҳожир йигитнинг бугунги аҳволи ва тақдири билан қизиққан. Ушбу масалада тегишли масъуллар эътиборини жалб этган. Аниқлик киритилишича, Бухоро шаҳридаги Турки Жандий маҳалласи фуқароси М.Ш. жорий йилнинг 11 февраль куни Россия Федерацияси, Адыгея республикаси, Майкоп шаҳрида пул ишлаш мақсадида отаси билан бирга жўнаб кетган бўлган. Ва воқеадан бир неча ой ўтгач, Ўзбекистонга қайтган.
«Xabar.uz» мухбири Турки Жандий маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар масаласи бўйича ҳоким ёрдамчиси Миршод Жаъфаров ҳамда ҳудуд инспектори билан биргаликда фуқаро М.Ш.нинг хонадонида бўлиб, у билан суҳбатда бўлган.
«Видеода акс этган тасвирлар тўғри. Яширишга ҳожат йўқ, ҳақиқатан ҳам муҳожирлик пайтимда шундай ҳолат содир бўлди. Воқеа жорий йилнинг 21 май куни юз берган эди. Қийин вазиятдан қандай чиқиб кетганимни айтмайман. Ёрдам беришди. Мен тирикман. Ҳаммаси яхши, қочиб ҳам келмаганман...»,-деди М.Ш.
«Аянчли «самосуд»ни кўриб, жабрланувчининг, яъни муҳожир бир йигитнинг тақдири қандай якунлангани кўпчиликни ташвишга солди... »-деймиз.
«Аввало, хавотир олганларингиз учун раҳмат. Аммо, кўриб турганингиздек, тирик ва соппа-соғман. Ортиқча бу ҳақда эслашни ҳам, сўзлашни ҳам истамайман»,-деди суҳбатдош.
М.Ш.нинг сўзига кўра, видеотасвир билан боғлиқ жиноий иш Россия федерацияси ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларини сергаклантирган ва айбдорлар ушланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари якунланган ва судга оширилган.
«Улар ўз қилмишларига яраша жазо олишади. Айтишим мумкинки, видеотасвирдаги ёзишмалар фейк, тўғри, айримларини ўзим ёзганман, аммо, ҳаммаси ҳам менга тегишли эмас. Видеода эса худдики мени айбдордек қилиб қўйишган. Агар мен айбдор бўлганимда, бу пайтда улар эмас, мен қамоқда ўтирган бўлардим...» -деди суҳбатдош.
Маълумот ўрнида: Россия Федерациясида муҳожирликдан қайтган 21 ёшли фуқаро М.Ш. билан у истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғинида профилактик суҳбатлар ўтказилган.
Лайло Ҳайитова
Тасодифий хабарлар
Эртага айрим ҳудудларда ҳарорат 20 даражагача совуқ бўлиши мумкин
Алишер Усмонов телефондаги суҳбатларни тинглаш қурилмаларини ишлаб чиқарувчи компанияни сотиб олиши мумкин
Анжуманлар саройида Конституция кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди (фото)
Namanganliklar.uz jamoasi Faxriy yorliq bilan taqdirlandi
Тошкентдаги майнавозчилик: куласизми, куясизми?