Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда кўкйўтал авж олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабеков касаллик бўйича хавотирларга ўз муносабатини билдирди.
Кўкйўтал – ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўта юқумли хасталик бўлиб, қўзғатувчиси Bordetella pertussis бактерияси ҳисобланади. Унга чалинган беморларда ўткир респиратор вирусли инфекциялар аломатлари, шунингдек, кучли йўтал хуружлари ва қусиш кузатилади. Бу касаллик асосан ёш болалар ва ўсмирларда учрашига қарамай, баъзан катта ёшли одамларда ҳам кузатилади.
“Ҳозир юртимизда бу борадаги эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирланишга асос йўқлигини, шунингдек ушбу касаллик ҳеч қандай асоратларсиз даволаниб кетишини маълум қиламиз”, дейди Нурмат Отабеков.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда миллий эмлаш календарига асосан, чақалоқлар 2, 3 ва 4 ойлигида 3 маротаба пентавалент вакцина билан (кўкйўтал, дифтерия, қоқшол, гепатит B ва ХИБ инфекцияларга қарши) эмланади. Бир йилдан сўнг, яъни 16 ойлик даврида АКДС-4 билан қайта ревакцинация қилинади.
2023 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон бўйича жами 2 миллионга яқин бола ушбу хасталикка қарши вакцина қабул қилган. Хусусан, январь август ойлари давомида пента-1 билан эмланиши керак бўлган болаларнинг 97,6 фоизи, пента-2 билан 98,5 фоизи, пента-3 билан эса 98,5 фоизи эмланган. Бундан ташқари, 16 ойлик ўғил-қизларнинг 98,9 фоизи ревакцинация босқичида қайта эмланган.
Шунингдек, кўкйўтал мавсумий характерга эга бўлиб, куз-қиш даврида кўпроқ қайд этилади ва аксарият ҳолларда эмланмаганлар, тўлиқ эмлаш курсини олмаганлар ҳамда баъзи ҳолларда эмлашдан кейин иммунитет шаклланмаган болаларда кузатилади.
Қисқа қилиб айтганда, эмланмаган ўғил-қизлар ўртасида касаллик тарқалиш хавфи сақланиб қолади.
“Шу боис кўкйўтал кам миқдорда бўлса-да, аҳоли ўртасида қайд этиб турилиши табиий ҳол”, деган Нурмат Отабеков.
Отабековнинг фикрича, ушбу хасталикни фақат жамоавий иммунитет ҳосил қилиш орқали енгиш мумкин.
Акобир Сайидов
Тасодифий хабарлар
ДХХ мансабдор шахс ва адвокатни қўлга олди
Республикачилар "Украина учун ғалаба режаси" ни ишлаб чиқдилар: Россияни қандай энгиш керак
“Қонли январь” воқеалари: Қозоғистонда МХҚ раисининг собиқ ўринбосари қамалди
«Толибон» АҚШ ва Россия ҳарбий вертолётларини қўлга киритди
Навоий кўчасида ишкал: жанжалнинг жабрини «Матиз» кўрди