Қамоқхоналар рекорд даражада тўлиб кетди

Қамоқхоналар рекорд даражада тўлиб кетди

Франциядаги жазони ижро этиш муассасаларининг тўлиши бўйича янги рекорд ўрнатилди. Жорий йил 1 август ҳолатига кўра, уларда 89 минг 668 нафар маҳбус сақланмоқда. Бу бир йил олдингига нисбатан 6,5 фоизга кўп. Ваҳоланки, қамоқхоналар бор-йўғи 63 303 ўринга мўлжалланган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълумотларига таяниб, “Le Figaro” газетаси хабар берди.



Газетанинг ёзишича, гап Франциядаги ахлоқ тузатиш муассасаларининг “сурункали тўлиб-тошиши фонида ўрнатилган янги рекорд” ҳақида бормоқда. Камераларда ўриндиқлар етишмаслиги сабабли полга 7 956 та матрас жойлаштиришга тўғри келган – бир йил ичида уларнинг сони 43,5 фоизга ортган. Қисқа муддатга ҳукм қилинганлар ёки суд жараёнини кутаётган ва шу сабабли айбсиз деб ҳисобланадиган шахслар сақланадиган тергов ҳибсхоналарининг тўлиш зичлиги 175 фоизни ташкил этган. Оқибатда Франция қамоқхоналарининг умумий тўлиш даражаси 141,6 фоизга етган.

Жорий йилнинг бошида Европа Кенгаши Франциядаги қамоқхоналар аҳволини танқид қилиб, ўз маърузасида уларнинг “одамлар сақланадиган омборхоналар”га айланиб қолиш хавфи борлигини маълум қилган. Ҳужжатда антисанитария ва зўравонлик ҳолатларига ҳам эътибор қаратилган. Ўз навбатида, Озодликдан маҳрум қилиш жойлари бўйича бош бошқарувчи Доминик Симонно июль ойи бошида эълон қилинган ҳисоботда Францияда қамоқхоналар тўлиб-тошганини бартараф этишга қаратилган “умуммиллий миқёсдаги чора-тадбирлар” йўқлигидан афсусда эканини билдирган.

Адлия вазирлиги модулли қамоқхоналарда қўшимча 3 мингта ўрин яратишни режалаштирмоқда. Ушбу ўринларнинг ярми 2027 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. 

“Шу билан бирга, 2018 йилда ишга туширилган миллий режада кўзда тутилган 15 мингта қўшимча қамоқхона ўрнидан учдан бир қисмидан камроғи яратилди”, деб эслатди “Le Figaro”. 

Симоннонинг фикрича, “қамоқхоналар тўлиб-тошишининг ҳозирги ўсиш суръатларини ҳисобга олганда, янги муассасалар қуриш муаммога муносиб ечим бўла олмайди”. Муаммони бартараф этиш учун “ҳар олти ҳафтада биттадан исҳол муассасасини фойдаланишга топшириш керак эди”. Европа Кенгашининг 2025 йилги баҳолашига кўра, Франция қамоқхоналарнинг тўлиб-тошиш даражаси бўйича Европадаги энг ёмон кўрсаткичлардан бирига эга: у бу борада Туркия билан биргаликда биринчи ўринни бўлишиб турибди.


Теглар:
×