Аввалроқ, Қирғизистондаги тўртта пансионат Ўзбекистон ихтиёрига ўтказилиши айтилганди. Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров бундай қарор қабул қилинишига Бишкекнинг халқаро суд қарори билан Ўзбекистон томонига 40 миллион доллардан ортиқ пул тўлай олмагани сабаб бўлганини айтди. Бу ҳақда у “Кабар” агентлигига берган интервьюсида сўз очди.
“Жорий йилнинг май ойида суд қарори қабул қилинди. Унга кўра, Қирғизистон томони Ўзбекистонга 40 миллион доллардан кўпроқ тўлаши керак. Биз Ўзбекистон билан музокаралар олиб бориб, объектларни 49 йил ижарага беришга келишиб олдик”, деган Қирғизистон Президенти.
Шунингдек, Жапаров Қирғизистон ҳукуматининг 2016 йилда Иссиқкўл вилоятида жойлашган “Роҳат”, “Золотие пески”, “Бўстон” ва “Дилором” пансионатларини Ўзбекистондан тортиб олиш тўғрисидаги қарорини популистик деб атаган.
“Ўшанда архив ҳужжатларини ўрганиш ва бу объектларнинг келажаги ҳақида ўйлаш керак эди. Агар халқаро судда бундай ҳаракат билан ютқазмаслигимиз учун кафолатлар бўлса, бу мақсадга мувофиқ бўларди”, дея тушунтирган Президент.
Унга кўра, 2016 йилда Ўзбекистон Вашингтондаги халқаро судга 65 миллион доллар товон тўлаш талаби билан мурожаат қилган. 2017 йилда ўша пайтдаги Қирғизистон бош вазири Сапар Исоқов Ўзбекистон томонига мактуб йўллаб, муаммони тинч йўл билан ҳал этиш, тўртта пансионатни қайтариш масаласини ишлаб чиқиш ва даъвони қайтариб олишни таклиф қилган. Аммо расмий Тошкент даъволаридан воз кечмаган ва якунда судда ғалаба қозонган.
Жорий йилнинг 8 августида эълон қилинган Global Arbitaj Review ҳисоботига кўра, расмий Бишкек АҚШ судига инвестиция можароларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказнинг Қирғизистон Иссиқкўл қирғоқларида жойлашган тўртта пансионатни миллийлаштиргани муносабати билан Ўзбекистондаги инвесторларга 33 миллион доллар тўлаши ҳақидаги қарорини бекор қилиш талаби билан мурожаат қилган.
Жапаровнинг таъкидлашича, пансионатлар яроқсиз ва Қирғизистон кўтара олмайдиган катта сармояларни талаб қилади
“Агар сиз ушбу тўртта пансионатни сотмоқчи бўлсангиз, ҳеч ким уларни, 40 миллион доллар у ёғда турсин, 4 миллион долларга ҳам олмайди. Майли, атиги 5-10 йилга ижарага берса бўларди, дейиш эса жаҳолат. Чунки тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналарни қуришнинг ўзига 5-10 йил кетади. Ҳеч бир давлат ўз инвестицияларини тўлаш кафолати бўлмаса, катта маблағ киритишга рози бўлмайди”, деган Қирғизистон раҳбари.
Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш агентлигининг аниқлик киритишича, қурилаётган “Золотие пески”, “Дилором”, “Роҳат” пансионатлари ҳамда “Бўстон” объекти ўзбекистонлик инвесторларга узоқ муддатли фойдаланиш учун 49 йилга, ер участкалари эса ижара асосида ўтказилмоқда. Бунинг эвазига инвесторлар объектларни реконструкция қилади ва уларни уч ёки тўрт юлдузли даражага олиб чиқади. Пансионат ходимларининг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши керак.
Бунда:
- “Золотие пески” пансионати “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамияти тасарруфига;
- “Дилором” пансионати – “Асакабанк” акциядорлик жамиятига;
- “Роҳат” пансионати – “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки” акциядорлик жамиятига;
- қурилиши тугалланмаган “Бўстон” объекти эса – “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик жамиятига берилади.
Ҳар бир объект учун тахминий сармоя миқдори 15-20 миллион долларни ташкил қилади.
“Пансионатларни реконструкция қилиш лойиҳалари уларнинг халқаро стандартлар асосида тўлиқ ва самарали ишлашини таъминлаш, тозалаш иншоотларини таъмирлаш, шунингдек, республика ва маҳаллий бюджетларга солиқ тушумларини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, туристлар оқимини ва ундан келадиган даромадларни сезиларли даражада ошириш имконини беради”, дейилади агентлик баёнотида.
Ташкилот прогнозларига кўра, солиқ тушумлари ҳажми йилига 130 миллион қирғиз сомидан (тахминан 1,5 миллион доллар) ошади, ҳар бир объектда 200 га яқин иш ўринлари яратилади. Маҳаллий тадбиркорлар пансионатлар ҳудудида кафе, ресторанлар, кинотеатрлар ва бошқа тадбиркорлик хизматларини очиш имкониятига эга бўлади.
Маълумотларга кўра, Иссиқкўлда ўзбек пансионатлари 1960 йилнинг охирида СССР Вазирлар Совети бу кўлни Бутуниттифоқ курорти деб эълон қилганидан кейин пайдо бўлган. Қирғизистон ССРда пансионатлар қуриш учун маблағ йўқлиги сабабли бошқа иттифоқ республикаларининг касаба уюшмалари чақирилган. Натижада қўшни давлатлар – Ўзбекистон ва Қозоғистон Иссиқкўлда пансионатлар қурган.
СССР парчаланганидан кейин бу мулкни бўлиш бошланган. 1992 йилда томонлар пансионатлар Қирғизистон мулкига ўтиши, аммо МДҲнинг бошқа давлатлари юридик шахслари улардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида келишиб олган. Яъни Қирғизистон бу пансионатлар учун ижара ҳақи ола бошлаган.
Қайд этилишича, Қозоғистон билан “КазГУ” спорт-соғломлаштириш оромгоҳи, “Олимп” спорт-соғломлаштириш маркази, “Самал” дам олиш уйи ва “Қозоғистон” санаторийси бўйича ҳам ҳукуматлараро келишувлар мавжуд. Яқин келажакда Қозоғистон томони ўз объектларини ривожлантириш учун сармоя жалб этишни режалаштирмоқда.
Тасодифий хабарлар
«Бизга ҳеч ким ақл ўргата олмайди» — Шавкат Мирзиёев
Наманган шаҳрида ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ бошлиғи ишдан олинди
Таълим ва фан вазирлигининг веб-сайти “взлом” бўлди
Oʻzbekistonda dollar kursi 8700 soʻmga yaqinlashmoqda - valyuta kurslari
«Порахўрларнинг ҳаммасини қамаб, тугатиб бўладими?» — Шавкат Мирзиёев бу иллатни йўқ қилиш йўлини айтди