Эрон АҚШнинг ҳарбий базаларига зарба бериши мумкин – “Fars”

Эрон АҚШнинг ҳарбий базаларига зарба бериши мумкин – “Fars”

Эрон Исроилга зарба беришда давом этади, Исроил ҳужумига жавоб операцияси тугамади. Бу ҳақда Эрон ҳарбий раҳбариятига яқин манбага таяниб, “Fars” агентлиги хабар берди.

“Сионистик режимнинг босқинчилик йўли билан бошлаган уруши яқин кунларда ушбу режим томонидан босиб олинган барча ҳудудлар ва минтақадаги Америка базаларига тарқалади ва босқинчилар Эроннинг ҳал қилувчи ва кенг кўламли жавоб зарбаси нишонига айланади”, дейди агентлик суҳбатдоши.

Унинг қўшимча қилишича, бу қарама-қаршилик кечаги чекланган ҳаракатлар билан тугамайди. Эрон зарба беришда давом этади.

“Бу ҳаракатлар тажовузкорлар учун жуда оғриқли бўлади ва уларни қилмишларидан тавба қилишга мажбур қилади”, дейди ҳарбий раҳбарият вакили.

Қайд этиш жоиз, Америка Қўшма Штатлари бутун дунёни қамраб олган 1000 та ҳарбий базалар тармоғига эга. 80 дан ортиқ давлатда камида 170 000 америкалик аскар бор. Яқин Шарқда Америка ҳарбий базалари ва иншоотлари Баҳрайн, Иордания, Ироқ, Қатар, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Саудия Арабистони ва Сурияда жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 июнь куни Исроил Эронга ракета ҳужумлари уюштирди. Оқибатда мамлакатнинг бир нечта юқори лавозимли қўмондонлари, шунингдек, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Шунингдек, ядровий иншоотлар зарар кўрди. Умуман олганда, Исроилнинг 13 июнга ўтар кечаси бошланган йирик зарбалари Эроннинг 20 га яқин юқори мартабали ҳарбий раҳбарлари ва асосий ядровий олимларининг ҳаётига зомин бўлди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларидан хавотир билдириб, томонларни босиқликка чақирди.

Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган. Исроил томони эса 1 кишининг ўлимини тасдиқлаган.


Теглар:
×